Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шимолий Корея етакчиси Путин билан учрашиш учун Россияга боради: Улар нимани муҳокама қилишади?

Бир неча кундан бери ОАВ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин шу ой Владивостокда Россия президенти билан музокара ўтказиши ҳақида хабар бермоқда. Икки давлат раҳбари Шарқий иқтисодий форумда ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Журналистларга кўра, Ким Чен Ин Пхеньяндан Россияга зирҳли поездда боради ва унинг Москвага бориш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг “Шимолий Корея етакчисининг Россияга ташрифига тайёргарлик кўрилмоқдами?”, деган саволига "Бу мавзуда сизга ҳеч нарса айтолмаймиз", деб жавоб берган.

Bloombergнинг ёзишича, Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги яқинлашув “дунёни бироз хавфлироқ қилиши мумкин”. АҚШ расмийларига кўра, мамлакатлар Россияга Украинадаги урушни давом эттириши учун зарур бўлган Шимолий Корея қуролларини Россия ҳарбий технологиялари эвазига етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Агентлик таъкидлаганидек, Россия ва КХДР қуруқликда чегарадош эканлиги сабабли уларни етказиб беришни тартибга солиш осон бўлади. 2022 йилда мамлакатлар ўртасида темир йўл алоқаси тикланган (коронавирус пандемияси даврида ёпилган). Россия ва Шимолий Корея денгиз орқали ҳам юк ташиши мумкин, бунда юк кемалари халқаро сувларга кириши шарт эмас.

Ғарб давлатлари КХДРга нисбатан самарали таъсир кўрсата олмайди, чунки у аллақачон кўплаб санкциялар остида. Қўшма Штатлар ва унинг ҳамкорлари Шимолий Кореянинг Россияга қурол етказиб беришини тўхтатишининг ягона йўли бу - Россияга нисбатан санкциялар босимини кучайтириш ёки ўзини Россия-Украина можаросида бетараф томон сифатида кўрсатаётган Хитойни аралашишга кўндиришдир, дейилади хабарда.