Китоб тақдимоти: "Яхшилик йўллари"

Вилоятимизда ўтказилган “Уч авлод учрашуви” тадбирлари доирасида Пайариқ туманида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда ўтган асримизнинг 30-йилларида туғилиб, эл-юртимиз, туман ҳаёти ривожига муносиб ҳисса қўшган ва ўзидан бой мерос қолдирган фидойи инсон Салоҳиддин Йўлдошевнинг порлоқ хотираси ёдга олинди. Хусусан, у киши ҳақида фарзанди Зафар Йўлдошев ва Искандар Темиров муаллифлигида чоп этилган "Яхшилик йўллари" китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган кекса авлод вакиллари, С.Йўлдошевни яхши таниган, бирга ишлаган ва суҳбатидан баҳраманд бўлган фаол нуронийлар ўз хотиралари билан ўртоқлашди.

Туман ҳокими З.Эргашев Салоҳиддин Йўлдошев амалга оширган эзгу ишлар, у кишининг оиласи ва фарзандлари ҳақида гапирди. "Нуронийлар" жамоатчилик кенгаши туман бўлими раиси Саъдулла Бойзоқов эса С.Йўлдошев билан ўтказган даврларини, бирга ишлаган кунларидаги айрим воқеаларни ҳикоя қилиб берди.

Тадбир сўнгида уч авлод вакилларига "Яхшилик йўллари" китоби ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Жибак Аҳадова.