Самарқанд давлат университетида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди
Тадбирда меҳнат фахрийлари, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар гўзал анъанага айланди. Уч авлод вакиллари ўртасидаги ўзаро суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсонга юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани таъкидланди.
- Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 35 йил раҳбарлик лавозимларида ишладим, - дейди меҳнат фахрийси Салом Облоқулов. – Асосан прокуратура соҳасида фаолият кўрсатганман. Мен ишлаган даврларда бу соҳа анча мураккаб эди. Ҳозир минг шукурки, замон яхшиланди, бошқа барча соҳалар каби прокуратурада ҳам ислоҳотлар амалга ошириляпти.
Учрашувда кекса авлод вакиллари ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди.
Эл-юрт равнақи йўлида ёш авлод ҳам бирдек камарбаста бўлиши лозимлиги самимий суҳбатлар бош мавзусига айланди.
С.Мардиев,
Б.Мустанов (фото).