Княз Александр Невский ва шоҳ Иван Грозний дубулғаларида нега Қуръон оятлари акс эттирилган?

Баъзида инсонларнинг буюмларида ёзиб қолдирилган битиклар тарихчиларнинг тахминий фаразларидан кўра, кўпроқ маълумот беришга қодир. Шундай буюмлардан бири ҳозирги кунда Москва Кремлининг “Оружейний палата”сида сақланаётган Александр Невский дубулғасидир.

Дубулға ўзининг жозибаси ва ажойиб нақшлари билан ақлни лол қолдиради. Унда дастлаб (православ христианлигида) Архенгел Михаил (исломда Микиол фаришта) сиймоси, кейин олмос, зумрад, марваридлар ва араб ёзуви кўзга ташланади. Бу муқаддас Қуръони каримнинг 61-ояти 13-сураси: “Аллоҳдан ёрдам ва яқин зафар ваъдасини мўминларга етказ”.

Православ князининг дубулғасидаги бу ёзув қаердан пайдо бўлган?

Қуръондан олинган бу матнлар нафақат Александр Невский дубулғасида, балки Иван Грозний ва бошқа рус ҳукмдорлари дубулғаларида ҳам акс эттирилган.

Маълумотларда қайд этилишича, Невский дубулғаси XVII асрда Рус шоҳи Михаил Фёдорович Романов (Романовлар сулоласининг биринчи вакили) учун махсус қайта ишланган. Сарой устаси Никита Данилов уни қўшимча тошлар билан безаган ва православ христианлигини ифодаловчи белгиларни қўшимча қилган. Янгиланган дубулға “Михаил Фёдоровичнинг Ерихон бош кийими” номини олган.

Бироқ ҳеч ким нима сабабдан православ ҳукмдорлари, улар унчалик ҳам хуш кўрмайдиган (ҳар ҳолда тарихчиларнинг фикри) “басурман” (мусулмонларни шундай аташган) ёзувларини ўчириб ташлашни буюришмаганини тушунтириб беролмайди ёки буни хоҳлашмайди. Балки улар араб ёзувини билишмагандир? Араб ёзувини билишмаган бўлишлари мумкин. Бироқ шоҳ саройида араб ёзувидан хабардор бўлган кўплаб татар миллатига мансуб мулозимлар бўлган.

Катта эҳтимол билан дубулға соҳиблари “араб нақшларининг” маъносини билишган. Шу билан бирга, улар бу ёзувларга ҳурмат кўрсатишган ёки ҳурмат кўрсатишга мажбур бўлишган. Чунки рус князликлари узоқ муддат Олтин Ўрда хонлари билан “келишиб” яшагани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, Рус мамлакатчилигининг пойдеворига асос солган афсонавий Александр Невский Боту хоннинг тутинган ўғли экани, Ботунинг исломни қабул қилган ўғли Сартак билан яқин алоқада бўлганини инобатга оладиган бўлсак, дубулғадаги ёзувларнинг ажабланарли жиҳати қолмайди. Аммо негадир бу масала кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Эҳтимол, тарих зарварақларини бошқатдан варақлаб чиқиш керакдир.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.