Кўҳна ҳаммом янги кўринишда

Самарқанд давлат музейи архивида сақланаётган далилларга кўра, бу ҳаммом 1888 йилда таъмирланиб, қайта ишга туширилган. Мазкур ҳаммомнинг хизматидан каттақўрғонликлар уч-тўрт аср давомида фойдаланишган.
– Шаҳримиз марказидаги қадимий ҳаммомнинг ёпилиб, фақатгина ташландиқ харобалари қолганига ҳам ўттиз йилдан ошган, – дейди Очилдимурод Мирий номли маҳалла фаоли Абдулатиф Тошпўлатов. – Бундан 3-4 йил олдин шаҳримиз тадбиркорларидан Муҳиддин Эшмонов кўҳна ҳаммомнинг илк лойиҳасини излаб топиб, ҳаммомнинг бузилган, кўмилган хоналари очилди, иссиқ, совуқ, мўътадил хоналар, сув иситиш қозонлари янгиланди. Ҳаммом гумбазларига сайқал берилди, сув йўллари канализацияга уланди. 
Қадимий ҳолати сақланиб қолинган ҳаммом айни кунда Каттақўрғон шаҳри ва атроф туманлар аҳлига хизмат кўрсатаётир.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.