Кўчамиз қачон тартибга тушади?

Самарқанд шаҳридаги Сўлим шаҳарчаси Чилқудуқ маҳалласидан мурожаат қиляпмиз. Маҳалламизнинг Самарқанд кўчаси 2019 йил “Обод маҳалла” йили  дастури бўйича таъмирланган эди.

Шаҳарчанинг 7 километрга яқин қисмига тош тўкилиб, асфальт қилинди. Ишлар энди тугаган вақтида йўл остидаги сув оқова тизимлари таъмирланди. Канализация қувурлари ётқизиб бўлингач, уларнинг ўрни асфальт қилинмасдан қолиб кетди. Шунингдек, сув оқова қудуқлари ҳам ер сатҳидан пастда қолдирилди.

Мана, тўрт йилдан кўпроқ вақт ўтдики, ҳар ёғингарчилик вақтида йўлнинг паст-баланд қисмларида кўлмаклар тўпланиб қолади. Чунки сув оқова тизимлари нотўғри ўрнатилган. Тўпланган кўлмак сувлари чиқиб кетадиган йўл йўқ. Бу эса нафақат машиналарга, балки пиёдаларга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда. Чунки йўл ёқасида пиёдалар йўлаклари қурилмасдан қолди. Айниқса, ёш болаларнинг мактабга боришида, аҳолининг бозор-ўчарга қатнашида, йўловчи машиналарнинг ўтишларида қийинчиликлар пайдо бўляпти. Ўнлаб канализация қувурларининг қопқоқлари ўғирлаб кетилган. 

Шаҳарча аҳолиси бир неча бор Самарқанд шаҳар ва туман ҳокимликларига, йўлни таъмирлаган Самарқанд тумани автомобиль йўллари бошқармасига мурожаат қилди, бироқ фойдаси бўлмаяпти. Шу боис кўчаларимизни видеосуратга олиб ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишга мажбур бўляпмиз. Ёғингарчилик кунлари биз катталар бу йўлда ўтишда чидармиз, аммо болаларимиз қийналмоқда.

Шароф Маърупов,

Самарқанд шаҳри, Сўлим шаҳарчаси.