"Кўчамизга ким симёғоч ўрнатиб, электр тармоғи тортиши керак?"

Бугун телеграм каналимизда шу сарлавҳа остида мурожаат эълон қилинган эди. Унда кўтарилган муаммо бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиалидан жавоб келди.
Унда шундай дейилади: "Мурожаатда келтириб ўтилган манзилдаги хонадонларга “ЗХП-Челак” фидеридан таъминланувчи 3697-трансформатор пункти орқали электр таъминоти етказиб берилади. Ушбу хонадонлар белгиланган тартибда техник шартлар олмасдан, талабга жавоб бермайдиган симларни қўлбола усулдаги симёғочларга ўзбошимчалик билан улаб, электр узатиш тармоғидан фойдаланиб келмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 30-бандида “Истеъмолчиларнинг юкламаларини улаш билан боғлиқ янги электр қурилмаларини ва электр тармоғи хўжалигининг объектларини лойиҳалаш ва қуриш, ишлаб турганларини кенгайтириш ва реконструкция қилиш истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади”, деб белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, янги электр қурилмаларини ва электр тармоғи хўжалигининг объектларини лойиҳалаш ва қуриш, ишлаб турганларини кенгайтириш ва реконструкция қилиш шаҳар ва туманларнинг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига “Очиқ бюджет” платформармаси ёки бошқа дастурлар асосида давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талаблари доирасида истеъмолчилар ҳисобидан тўловларни амалга оширган ҳолда “Давлат ва шартномавий хизмат кўрсатиш маркази” орқали ёки дастурлар асосида амалга ошириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мурожаат қилиши мумкин.
Аслида мазкур қарорлар асосида шартномасиз электр таъминотига уланган ҳар бир истеъмолчи ноқонуний уланган деб ҳисобланади".