Кўкгумбаз тажрибаси ўрганилди

Жомбой туманидаги Кўкгумбаз маҳалласида “Инсон қадри учун” ғояси асосида амалга оширилаётган ишлар тақдимотига бағишланган семинар ўтказилди.
Мазкур маҳалла мисолида туман прокурори бошчилигидаги иккинчи сектор ҳудудида аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатлами, “дафтар”ларда рўйхатда турган, бандлиги таъминланмаган фуқаролар билан ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар таҳил қилинди.
Туман ҳокими Қ.Собиров, Республика Бош прокурори ўринбосари Ш.Аминов ва Самарқанд вилояти прокуратураси масъуллари маҳаллада сектор томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Иккинчи сектор ҳудудидаги маҳаллаларда 2370 нафар фуқаро ижтимоий дафтарларга киритилган. Ўрганиш ва хатлов жараёнларида уларнинг 1120 нафарининг бандлиги таъминланмагани ва улар ишлаш истагида эканлигини билдирган. Шундан келиб чиқиб, 35-умумтаълим мактабининг қўшимча биносида касб-ҳунарга ўргатиш маскани ташкил этилган. Бу ерда ошпазлик, қандолатчилик, тикувчилик, аёллар сартарошлиги, дурадгорлик йўналишларида аёллар ва ёшлар сабоқ олишмоқда.
– Муассасамизда 63 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган, шунингдек, 34 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда, – дейди марказ директори ўринбосари Г.Аҳмедова. – Бу ерда касб-ҳунар ўрганаётган шахслар келгусида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўзини ўзи банд қилиш имконига эга бўлади.
Семинар доирасида турли маданий дастурлар, ижтимоий акциялар ўтказилди. Маҳалла аҳолиси учун тиббий кўрик, бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бунёд этилган замонавий маҳалла маркази кўкгамбазликлар учун чинакам совға бўлди. Икки қаватли бинода маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари ҳам ташкил этилган.
Ғ.Ҳасанов,
О.Одилов (фото).