Коммунал хизмат тизимида қандай янгиликлар бор?
Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Баҳодир Негматов соҳани ривожлантириш борасидаги режалари билан ўртоқлашди.
Таъкидланишича, вилоятдаги 1 952 та кўп қаватли уй-жойларнинг 1833 тасига 173 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари, «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ҳамда “Ягона ҳисоб-китоб маркази” давлат унитар корхоналари хизмат кўрсатиб келмоқда. Ҳозиргача улар томонидан 748,2 минг квадрат метр том қисми, 1 352 та уйнинг фасади ва 5 015 та кириш йўлаклари таъмирланган. 2 950 та электр шитлар, 404 та болалар майдончалари қурилиб, 220 минг квадрат метр уй олд қисмидаги йўлаклар тартибга келтирилган.
- 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига барқарор тайёргарлик кўриш мақсадида маҳаллий ва тижорат банк кредит маблағлари ҳисобидан 129 та кўп квартирали уйларда таъмирлаш ишлари якунига етказилди, - дейди Б.Негматов. - Самарқанд шаҳрининг туристик йўналишидаги 26 та кўп қаватли уйларда 8,4 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, вилоят шаҳар ва туманларида 151 та кўп қаватли уйларда жумладан, Нурободда 48 та, Оқдарё ва Пайариқда 9 тадан, Пахтачида 6 та ва Самарқанд туманларида 17 тадан кўп қаватли уйлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда ҳомийлар ҳисобидан таъмирланиб, ҳудудлари ободонлаштирилди. Манзилли дастур асосида Самарканд шаҳри ва туманида, Тайлоқ ҳамда Булунғур туманларида 21 та болалар ўйингоҳлари қурилди.
“Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси” ажратган маблағлар ҳисобидан таъмирга муҳтож бўлган 74 та лифт алмаштирилиб, фойдаланишга топширилди.
Матбуот анжумани иштирокчилари “Ягона ҳисоб-китоб маркази” давлат унитар корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан таништирилди. Мазкур унитар корхона томонидан вилоятдаги 173 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва 57 мингдан зиёд мулкдорларнинг маълумотлар базаси шакллантирилган. Жорий йилдан бошлаб “Обод уй” электрон тизими ишга туширилган бўлиб, аҳоли барча мажбурий бадал тўловларини Рауnet, Clik ва Payme электрон тизимлари орқали амалга оширишлари мумкин.
Айни пайтда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг 21,8 миллиард сўм дебитор, 94,1 миллиард сўм кредитор ва 14,1 миллиард сўм муаммоли кредит қарздорликлари мавжуд.
Анжуман сўнггида журналистлар ўз саволларига мутахассислар томонидан жавоб олишди.
Дилмурод Тўхтаев.