Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Лифт ускуналарини ишлатишга рухсат берувчи тегишли ҳужжат олмай кўп қаватли уй қурган хусусий тадбиркорлар огоҳлантирилди

“Zarnews.uz” сайтида эълон қилинган «Лип» этиб олиб чиқадиган лифтларимиз қачон тўлақонли ишлайди?” сарлавҳаси остида чоп этилган мақола бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

Мақолада кўтарилган муаммо бошқармамизнинг оғриқли нуқтаси. Шунинг учун мақоладаги барча маълумотларни таҳририятга ўзимиз тақдим этганмиз. 

Мақсадимиз - Самарқанд шаҳридаги эски лифтлар, янги қурилаётган кўп қаватли уйларда ўрнатилаётган лифтлар ва уларнинг аҳволи ҳақида ҳамда соҳадаги аҳвол яхшиланиши мақсадида оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиб, бу борада аҳолини хабардор қилиш бўлган. Шу билан бирга, мақоланинг ўзида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматов масала юзасидан ўз муносабати билдирган. 

Мақолада Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасидаги 107, 175, 175 А, 175 Б, 187, 97, 92 А, 78, 149, 21-Б, Гагарин кўчасидаги 60 А, 60-Б, 29, Нарпай кўчасидаги 77, Туркистон кўчасидаги 169, Бедил кўчасидаги 18, Спитамен шоҳкўчасидаги 158 кўп қаватли уйларда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилгани, шунга қарамасдан, бу уйларнинг лифт ускуналарида қатор камчилик ва носозлик бўлганлиги сабабли лифтлар ишламаётганлиги маълум қилинган.

Лифт ускуналари “Саноатгеоконтехназорат” давлат қўмитаси томонидан сертификатланиши ва фойдаланишга рухсат берувчи тегишли ҳужжатлар берилиши шарт. Ушбу кўп қаватли уйлар хусусий тадбиркорлар томонидан қурилган ҳамда лифт ускуналарини ишлатишга рухсат берувчи тегишли ҳужжатлар олинмаган. Бу ҳолатлар бўйича Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бу уйларни қурган, лифтларни ўрнатган тадбиркорларни огоҳлантирган, ҳатто тегишли ташкилотларга хат билан мурожаат қилган.

Хуллас, лифтлар борасидаги муаммолар ўзимизники, ечими ҳам аниқ. Ким ҳал қилиши ҳам, бунга жавобгар бўлган шахслар ҳам аниқ. Бу муаммолар ҳал қилинганида яна ўзимиз ОАВ орқали аҳолини хабардор қиламиз.

Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати.