«Лип» этиб олиб чиқадиган лифтларимиз қачон тўлақонли ишлайди?
Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган мурожаатларда уйларидаги лифтларнинг ишламаётганлиги хусусидаги хабарлар кўпайиб бормоқда. Айниқса, янги қурилиб фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйларнинг баъзиларидаги лифтлар ҳам турли техник нуқсонлар сабабли ишламаётганлиги таъкидланмоқда.
Бугунги кунда шаҳарнинг Рудакий кўчасидаги 107, 175, 175 А, 175 Б, 187, 97, 92 А, 78, 149, 21 Б, Гагарин кўчасидаги 60 А, 60 Б, 29, Нарпай кўчасидаги 77, Туркистон кўчасидаги 169, Бедил кўчасидаги 18, Юсуф Ҳамадоний кўчаси 40 А, 40 Б каби кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, Давлат қабул комиссияси ҳамда вилоят қурилишни назорат қилиш инспекция томонидан фойдаланишга қабул қилинган. Бироқ бу уйлар қурувчилар томонидан фойдаланишга топширилганига қарамасдан, 70 та лифт ускуналарида қатор камчилик ва бутловчи қисмлари йўқлиги сабабли ишламаяпти.
Ишлатила бошлаганига эндигина 2-3 йил бўлган янги кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг носозлигига нима сабаб бўляпти? Ёки уларга берилган техник эксплуатация сертификатлари сохтами? Аҳолининг лифтларга техник хизмат кўрсатувчи ширкатлар устидан шикоятлари кўплигининг сабаби нимада?
- Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, шунингдек, Президент ва вилоят ҳокимининг виртуал қабулхоналари орқали келиб тушаётган мурожаатларни ўрганишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматов. - Самарқанд шаҳрида 1979-1990 йилларда қурилган 77 та кўп қаватли уйдаги 227 та лифт ускунасининг фойдаланиш муддати ўтиб бўлганлиги сабабли 2017 йилда уларнинг 110-120 тасигина ишлаётган эди. Ўтган икки йил ичида «Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси» маблағлари ҳисобидан 76 та лифтни янгилаш мақсадида 14 миллиард 464 миллион сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, Хитой, Жанубий Кория ва Туркия давлатларидан 76 та янги лифт ускуналари келтириб ўрнатилди.
Бошқарма техник мутахассислари томонидан шаҳардаги барча кўп қаватли уйлардаги лифтлар техник кўрикдан ўтказилиб, жами 140 та лифт жорий ва мукаммал таъмирланди. Жумладан, 52 та лифтнинг асосий электродвигатели, 34 та лифтнинг эшикни очиб-ёпиш ускуналари, 20 тасининг трансформатори, 16 тасининг трослари алмаштирилди. Кўрилган техник чоралар натижасида, 210 та лифт ускунаси тўлиқ ишга туширилди.
2019 йилда Қорасув массивида қурилган янги кўп қаватли уй-жойларда 90 та, 2020 йилда эса 40 та янги лифт ускуналари ўрнатилиб, жами лифтлар сони 357 тага етди. Аммо, 70 дан ортиқ лифт ускунасининг тегишли техник ҳужжатлари ва сертификатлари йўқлиги сабабли хавфсизлик нуқтаи назаридан фойдаланишга қабул қилинмаган. Шунингдек, маънан эскирган 155 та лифтни таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш мақсадида 29 миллиард 450 миллион сўм ажратиш тўғрисида таклиф берилган.
Лифтларнинг техник созлиги ва инсон ҳаёти учун хавфсизлиги таъминланиши керак. Бунинг учун уларни ўрнатувчи корхоналар лицензияланган бўлиши керак. “Саноатгеоконтехназорат” давлат қўмитаси томонидан лифт ускуналарининг сертификатланиши ва тегишли ҳужжатларни тақдим этилиши белгиланган.
- Уйимизнинг фойдаланишга топширилганига кўп ўтмасдан лифтларимизда турли носозликлар бошланган эди, - дейди Қорасув массивида яшовчилардан бири. - Баъзида икки-уч кунлаб ишламай қолади. Уйимизда кексалар, ёш болалар, ҳомиладорлар истиқомат қилади. Улар юқори қаватларга чиқиб тушишга қийналади. Мурожаат қилайлик десак, ҳалигача уй-жой мулкдорлари ширкати тузилмаган. Кимга шикоят қилсак, «кутинг, уста юборамиз» деб ваъда беради. Бир неча бор Самарқанд шаҳар ҳокимлигига ва шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимига қўнғироқ қилгач, муаммо бартараф этилди. Баъзида кўчадан уста ёллашга мажбур бўламиз. Бироқ бу жуда хавфли. Чунки улар мутахассис бўлмаганлиги сабабли бирор жойини нотўғри қилиб қўйса, куйиб қолиши мумкин. Бу эса яна сарсонгарчиликка олиб келади.
Лифтларга техник хизмат кўрсатиш лицензияланган хизмат турларидан ҳисобланади. Негаки ўртада одамларнинг хавфсизлиги масаласи турибди.
Бошқарма мутахассислари томонидан мазкур ҳолатлар ўрганилганда, шартномада кўрсатилган маблағлар лифтларни ўрнатган корхоналарга ўтказиб берилган бўлса-да, улар лифт ускуналарини тўлиқ ўрнатмаганлиги аниқланди. Жумладан, Самарқанд шаҳардаги ўнлаб кўп қаватли уй-жойларга «Sam Lift Montaj» МЧЖ, «Samarqand Euro Asia Lift» МЧЖ томонидан лифт ускуналари ўрнатилган бўлса-да, уларда техник носозликлар учраб турибди. Мазкур корхоналар раҳбарлари бир неча бор ёзма ва оғзаки огоҳлантирилишига қарамасдан, ускуналардаги носозликлар бартараф этилмасдан қолмоқда.
Хуллас, янги қурилаётган уй-жойларга мустаҳкам лифтлар ўрнатилмаса аҳоли қийналиши турган гап. Қурувчиларимиз замонавий қурилишнинг мана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишмаса бўлмайди. Лифт ускуналарини эса махсус сертификат ва мутахассисларга эга корхона ва ташкилотлар томонидан ўрнатилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Дилмурод Тўхтаев.