Конституция – эркинликларимиз ифодаси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун олдидан Жомбой тумани ҳокимлигида байрам тадбири ташкил этилди. Унда жамоатчилик вакиллари, самарали фаолият юритаётган соҳа фидойилари қатнашди. Бир гуруҳ тумандошларимизнинг ютуқлари эътироф этилди. Мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирилди.

Дарҳақиқат, туманимиз учун ўтиб бораётган йил ютуқларга бой бўлди. Айниқса, ёшларимиз нафақат вилоят, балки республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритишгани қувонарли. Ғолибжон Раҳматуллаев ҳамда Шоҳсанам Сафарова жаҳон, Дониёр Йўлдошев Ўзбекистон чемпиони рутбасига эришгани эса спорт соҳасидаги ислоҳотларга муносиб жавоб бўлди.

Маросимда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди ва сўзга чиқди.

– Саноат, ишлаб чиқариш, инвестиция тармоқларида ҳам юқори самарадорликка эришмоқдамиз, – деди ҳоким. – Яқинда вилоятимиз мезбонлик қилган “Invest in Samarkand” халқаро форум доирасида 44,3 миллион АҚШ долларлик 5 та лойиҳа бўйича музокара олиб борилди. Туманга 39,3 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиш бўйича келишувга эришилди. Умумий қиймати 11,5 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилди. Бу каби ютуқлар Конституциямиз орқали мустаҳкамлаб қўйилган бозор иқтисодиёти, тадбиркорлик учун кенг эркинликларнинг ифодасидир.

Тадбир давомида самарали меҳнат қилаётган ходимлардан бир гуруҳи туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирланди. Маданият бўлими ходимларининг байрам дастури тадбирга файз киритди.

Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.