Конституциявий ислоҳот инсон қадри учун

Самарқанд шаҳридаги "Дўстлик уйи"да нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён — Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумга бағишланган «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя  қилиш — давлатнинг  конституциявий бурчи» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Учрашув инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Учрашувда янги таҳрирдаги Конституцияга киритилиши кўзда тутилаётган нормалар, ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

- Янги таҳрирдаги Конституциямизда шу пайтгача мавҳум бўлиб келган соҳалар ҳам эътироф этилиб, барча ўзгаришларда халқимиз манфаати, инсон қадр-қимматини улуғлашга катта эътибор қаратилмоқда, - деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлари доктори, катта илмий ходим Муроджон Турғунов. - Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳасининг 148-моддасида «Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат буджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади», дея қайд этилмоқда. Бу амалдаги демократик ислоҳотларнинг узвийлигини англатади. Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятининг жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.

Тарғибот тадбирида Конституциявий қонун лойиҳасидаги ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.

Тадбирда вилоят кўзи ожизлар жамияти фаоли Абдуҳамид Абдуманноновга жамият аъзолари ўртасида тарғибот олиб бориш учун Конституциявий қонун лойиҳасининг брайл алифбосидаги нусхаси топширилди.

Фазлиддин Рўзибоев.