Кўп қаватли уйлар: Бошқарув сервис компаниясининг ўзи ёрдамга муҳтож
Кейинги йилларда Паст Дарғом туманида ўнлаб кўп қаватли уйлар қурилди. Тумандаги 97 та кўп қаватли уй асосан Жума, Гўзалкент, Чархин қўрғонларида, шунингдек, Олти қаҳрамон, Мирзо Улуғбек, Балхиён маҳаллаларида жойлашган.
Бу уйларнинг 69 таси 2 ва 3 қаватли бўлиб, аксариятида аҳоли шароитни ўзларига мослаштириб, ҳожатхона, омборхона каби қулайликларни ҳовлида қуриб олган. Иситиш тизимлари йўқлигидан совуқ кунлари «буржуйка» печлари ёқиб жон сақлаганлар ҳам бор.
Шу пайтгача барча уйлар уй-жой мулкдорлар ширкатлари томонидан бошқариб келинган, - дейди туман қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Бобошер Ҳасанов. – Бироқ сўнгги йилларда ширкатлар ўз вазифасини бажара олмай қолди. Банклардан кўп миқдорда кредит олиб, ўз вақтида тўловларни амалга оширмади. Қолаверса, уйларнинг катта қисми таъмирталаб, томларидан чакка ўтиб, ертўлалари захлаб кетган.
Ўтган асрнинг 50-60 йилларида қурилган уйларда ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси тармоқларида мунтазам узилишлар бўлиб, сув оқова тизими йўқлигидан ҳожатхона уйлардан анча нарида қурилган. Бу ҳолат кўп йиллардан буён аҳолининг норозиликларига сабаб бўлиб келаётган эди. Вазиятни ўнглаш мақсадида туман ҳокимлиги қарори билан 6 та ширкат ўрнида 1 та бошқарув сервис компанияси ташкил этилди.
2023 йилда ташкил этилган «Паст Дарғом коммуналчи» бошқарув сервис компаниясига шу соҳада кўп йиллик тажрибага эга раҳбар тайинланди ва унга 94 та кўп қаватли уй-жойдаги вазиятни ўнглаш вазифаси топширилди.
- Жуда кўп қарзи бўлган ширкатларни қабул қилиб олиш осон эмас, - дейди «Паст Дарғом коммуналчи» бошқарув сервис компанияси бошлиғи Шерзод Омонов. –Ширкатларнинг банкдан 7 миллиард сўм, аҳолининг эса ширкатлардан 1 миллиард сўмдан зиёд қарзи бор экан. Камига 90 фоиз уй-жой таъмирланмаган, аҳоли бадалларни ўз вақтида тўламаган. Аҳвол жуда оғир эди.
Янги компанияда сантехник, электрик, фаррош, боғбон, назоратчи каби 15 нафар турли касб эгалари меҳнат қилмоқда. Бироқ бирорта ҳам махсус техника воситаси йўқ. Ҳатто компаниянинг ўз биноси ва ускуналар сақлайдиган омборхонаси ҳам йўқ экан.
- Қарийб бир йилдан буён ижарада туриб ишлаймиз,- дейди Ш.Омонов. - Чиқиндиларни ташиб чиқишда муаммоларга дуч келяпмиз. Ишчиларимизнинг шахсий техникаларидан фойдаланишга мажбур бўляпмиз. Чунки техника, асбоб-ускуна харид қилиш учун банкларга кредит сўраб борсам, эски ширкатларнинг қарзи кўплиги учун беришмади.
Чиқиндини «Тоза ҳудуд» ДУК туман бўлимига қарашли техникалар ташиб кетяпти. Аммо суюқ чиқиндиларни ташувчи махсус машина туманда ҳам йўқ.
Гўзалкент қўрғонидаги 14 та кўп қаватли уйда яшовчилар қатор йиллардан буён сувоқова хизматидан норози бўлиб келади. Чунки бу уйлардаги оқова шифохонада жойлашган махсус ҳандаққа қуйилади. У ҳам ҳар 10-15 кунда тўлиб, шифохона ҳудудига оқиб чиқмоқда ва атрофга ёқимсиз ҳид чиқади. Уйлар атрофини ободонлаштириш ишлари кўнгилдагидек ташкил этилмаган. Чиқиндихоналар ҳам талабга жавоб бермайди.
- 2023 йил декабрида мазкур ҳудудда 560 миллион сўмлик янги сув тозалаш иншооти қурилиши бошланган, - дейди Ш.Омонов. – 50 кублик замонавий тозалаш иншооти қурилмоқда. Айни вақтда монтаж ишлари олиб борилмоқда. Агар иншоот ишга тушса, нафақат ҳудуддаги шифохона, балки барча кўп қаватли уйларнинг муаммоси ҳал бўлади. Шунингдек, Мирзо Улуғбек, Балхиён маҳаллаларидаги 8 та кўп қаватли уй ҳам марказий оқова тизимига уланади.
Бошқарув сервис компанияси томонидан туман марказидаги 2 қаватли уйлар учун 2 та умумий ҳожатхона қурилди. Гўзалкентда 5 кВА, Мирзо Улуғбек маҳалласида кўп қаватли уйларга ўрнатилган 10 кВАли қуёш панелларидан кириш йўлаклари ва ҳовлидаги тунги чироқларни ёритишда фойдаланилмоқда.
Тан олиш керак, ҳали Паст Дарғомдаги кўп квартирали уйларда ишлар жуда кўп. Болалар майдончасидаги айрим ўйин жиҳозлари ва ўриндиқлар синган, майдончалар қаровсиз. Шу ерда истиқомат қилувчиларнинг айтишича, янги уйлар ёнида аҳоли учун қулайликлар яратилмаган. Савдо дўкони, ошхона, сартарошхона, новвойхона каби кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган шохобчалар йўқ.
Савол туғилади – аслида бошқарув сервис компаниясини тузишдан мақсад нима эди? Агар кўп қаватли уйлардаги шарт-шароитни яхшилаш, ободончилигини таъминлаш бўладиган бўлса, нима учун керакли техника ва мутахассислар билан таъминланмаган? Нима учун қатор йиллардан буён ширкатларнинг зиммасида йиғилиб турган миллиардлаб қарзларни компания тўлаши керак? Нима учун ширкатлардан қарздор бўлган аҳоли сервис компаниясига тўловларни амалга оширмаяпти? Эндигина «туғилган» компанияни ким қарздорлик ботқоғидан олиб чиқади? Хуллас, жавоб топиш қийин бўлган саволлар кўп.
Бугун ҳудудларда қурилаётган кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, ҳар бир уйни тартибли, обод масканга айлантириш уларнинг ўз қўлларида. Бунинг учун мутасаддилар бироз эътибор қаратишлари лозим бўлади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.