Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Копток неча сўм туради, бир шиша ароқ-чи?

Қачондир шу саволни ўзингизга бериб кўрганмисиз? Аслида жавоби оддий ва тайиндек туюлган бу савол замирида катта ижтимоий муаммо турибди.

Келинг, хулосаларим асосли бўлиши учун аввал ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб берай. Яқинда бир ошнам билан суҳбатлашиб ўтиргандик, 7 ёшли фарзанди келиб паст овозда хархаша қила бошлади. Дастлаб эътибор бермаган бўлсам болакайга шапалоқ тушиши билан якунланган суҳбатга қизиқдим.

- Кўрмайсанми, бир ҳафтадан бери копток олиб беринг, деб ҳоли-жонимга қўймайди, - деб ўғлидан нолишга тушди у. – Шошилма, олиб бераман, деганимга кўнмайди. Нима эмиш, бунақада таътил тугагунчаям копток келтирмас эканман. Ҳе, ўргилдим, сендақа футболчидан. Кошки, шу зормандаям арзонроқ бўлса, олиб берсам.

Воқеанинг қизиғи шу куни кечқурун юз берди. Негаки, тўрт-беш танишларим билан йиғилиб қолдик. Болалик қадрдонлар йиғилганини кўриб, ўғли кунда-кунора сўраётган коптокни қиммат, деб турган дўстимиз “оби зам-зам бизнинг ҳисобдан”, деб ҳали ўтирмасимиздан официантга 200 минг сўм узатди.

Рости, бундан жуда ажабландим. Наҳотки, фарзанди орзусидан ароқ устун бўлса! Ахир ошнам бу пулга ўғлига профессионаллар фойдаланиши мумкин бўлган копток олиб берса бўларди-ку! Майли, футбол ўйнаб чемпион бўлмасин, аммо спорт билан шуғулланиш, аввало, соғлом бўлиш, фаол турмуш тарзини бошлаш учун хизмат қилишини унга ким тушунтиради? Қолаверса, ўз нафсига эмас, балки фарзандининг келажагига харажат қилиш дурустлигини-чи?

Афсусланганим, бугунги пандемия шароитида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, жисмоний фаол бўлиш нақадар муҳимлиги ойдинлашди. Аммо у сингари айрим одамлар ҳамон “нажот”ни нафси-амморадан изламоқда.

Шу ўй билан ўтирганимда хонамга ҳамкасбларимдан бири кириб келди.

- Иш тугади, кетмайсизми?

- Ҳа, энди қайтсак ҳам бўлар.

- Бугун йўлда икки сих шашлик билан, а?

Ҳамкасбимга жавоб қайтармадим. Аммо Сиздан сўрамоқчиман, Копток неча пул туради, бир шиша ароқ-чи?

Фазлиддин Рўзибоев.