Коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан 7 нафари тўлиқ соғайиб, реабилитацияга кузатилди

Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб таҳдид солиб турган бир пайтда, юртимизда ушбу инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларимиз соғайиб кетишлари учун бор маҳоратларини ишга солган ҳолда курашмоқдалар.

Қувонарли жиҳати, фидойи ва ватанпарвар шифокорларимиз саъй-ҳаракати туфайли юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларимизнинг дастлабки 7 нафари бутунлай соғайди, деб хабар берди Соғликни сақлаш вазирлиги.

Улар Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар томонидан Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация тиббиёт марказига кузатиб қўйилди. Касалликдан халос бўлган фуқароларимиз маълум муддат шу ерда карантинда бўлишади.

Хасталикдан фориғ бўлган беморларимизнинг ҳам қувончи чексиз. Улар Президентимизга, фидойи шифокорларимиз, шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашда ёрдам бераётган барча инсонларга чуқур миннатдорлик билдиришмоқда, дуо қилишмоқда. Ушбу қувонч кўз ёшлари айни пайтда инфекция тарқалиб кетишининг олдини олишда кеча-ю кундуз тинмай меҳнат қилаётган барча инсонлар фаолиятига муносиб баҳо, муносиб эҳтиромдир.