Коронавирус сабаб футзал бўйича Осиё чемпионати ҳам қолдирилди
Жорий йилнинг 26 февраль – 8 март кунлари Туркманистон давлатида бўлиб ўтиши керак бўлган футзал бўйича Осиё чемпионати номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бунга сабаб Хитойда кенг тарқалган коронавирус хавфи ортиб бораётганидадир. Ҳозирда ушбу мусобақанинг қайси санада ўтказилиши маълум эмас. Тез кунларда ОФК томонидан бунга аниқлик киритилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича ушбу Осиё чемпионатида жорий йилнинг 12 сентябрь ва 4 октябрь кунлари Литва давлатида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учун йўлланмалар ҳам ўйналади.
Осиё чемпионатида кучли бешликка кира олган терма жамоалар Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бундан олдинги Жаҳон чемпионати Колумбия давлатида ўтказилган бўлиб, унда Ўзбекистон футзалчилари иштирок этишган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистон футзал терма жамоаси мазкур мусобақанинг С гуруҳида Баҳрайн, Индонезия ва Хитой термаларига қарши кураш олиб боришади.