Коронавирус сабабли мактабларда таътил эрта бошланадими? ХТВ изоҳ берди

Ижтимоий тармоқлар орқали мактабларда коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли 15 март кунидан бошлаб таътил эълон қилиниши ҳақида маълумотлар тарқалди. Кўпчилик бу хабарлар рост ёки ёлғон эканлигини сўрашни бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров мазкур тарқатилган маълумот нотўғрилигини маълум қилди.
Расман хабар берилишича, ўқувчилар ўтган йилларида бўлганидек, 21 март кунидан навбатдаги таътилга чиқади. Таътил етти кун давом этади.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан доимо алоқада эканлиги маълум қилди.
Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабларда коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган чора тадбирларни кучайтириш бўйича қўшма қарор қабул қилган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда коронавирус инфекциясини олдини олиш борасидаги тавсияларини постерлар шаклида чоп этди ва улар мактабларга тарқатилди.
Халқ таълими вазирлиги зарурият туғилганда вазият ривожланиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боришини айтиб ўтди.