Коронавирус: таҳдид, лоқайдлик, саховат, оқибат
Тарихдан маълумки, инсоният 1918 йилда бутун сайёрага тарқалган ва 100 миллионгача одамлар ўлимига сабаб бўлган "Испанка" номли оғир эпидемияга, бугунги кун ибораси билан айтсак, пандемияга дуч келган.
Ушбу эпидемия жамият аъзоларининг оддий интизоми, яъни ниқобсиз юрмаслик ва ўзини эҳтиёт қилиш одобига риоя этиши орқали бартараф этилган. У даврда ахборот коммуникация тизими бугунгидек ривожланмаган, дунё эса уруш домида эди. Шунга қарамай, одамлар оддий тартибга риоя қилган ва бошига келган балони даф этган.
Бугун дунёда Covid-19 вируси билан зарарланган кишилар сони 1 миллион 800 мингдан, қурбонлар сони 109 минг кишидан ошди. Вирус дунёнинг 185 мамлакатига тарқалган.
Бугун ҳар биримиз уйдан туриб коронавирус пандемияси инсониятга қандай зарар етказаётгани, унинг шиддат билан дунёни қамраб олаётгани ҳамда пандемия шароитида одамлар ўзи ва яқинларини асраши учун нима қилиши зарур эканлиги тўғрисидаги маълумотларни кузатиб боряпмиз.
Ўзбекистонда пандемияга қарши курашиш мақсадида бутун мамлакат миқёсида қатъий карантин тизими жорий этилди ва аҳолининг масъулиятини ошириш мақсадида қисқа муддатда қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритилди.
Оксфорд университетининг «Инсоният келажаги институти» тадқиқотчилари томонидан коронавирус пандемиясининг 150 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам узоқ муддатли башорати эълон қилинди. Башоратда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари қуйидаги тўрт тоифага бўлинади: биринчиси, коронавирусга қарши курашишни ўз ҳолига ташлаб қўйиш.
Иккинчиси, коронавирус тарқалиши тезлигини 20 фоизга пасайтириш, мўътадил карантин, 35-50 фоиз одам изоляцияда, чегараларни ёпиш, транспорт ҳаракатини чеклаш.
Учинчиси, коронавирус тарқалиши тезлигини 50 фоизга пасайтириш, қаттиқ карантин, 65-80 фоиз одам изоляцияда, кўчага фақат зарурат бўлганда чиқиш, оммавий тест, чегараларни ёпиш, транспорт ҳаракатини чеклаш.
Тўртинчиси, коронавирус тарқалиши тезлигини 80 фоизга пасайтириш, ўта қаттиқ карантин, 90-95 фоиз одам изоляцияда, кўчага чиқиш тақиқланади, оммавий тест, транспорт ҳаракати бутунлай чекланади.
Ўзбекистонда қўлланилаётган карантин тадбирлари прогнознинг 3-моделига мос бўлиб, ушбу модель мазмунига кўра, ҳар бир одам ўртача ҳисобда бошқа 1,3 одамга касалликни юқтириши мумкин.
Лекин биз карантин талабларига риоя этмай кўчага заруриятсиз чиқиш, ниқобсиз юриш, транспортдан фойдаланиш тартибини бузиш каби оддий деб ҳисоблаган ҳаракатларимиз эвазига салбий натижага қараб юрмоқдамиз.
Буюк Британияда юз минглаб одамлар Миллий соғлиқни сақлаш хизматига (NHS) ёрдам бериш учун кўнгиллилар сафига қўшилиш чақириғига лаббай деб жавоб беришди. Дунё бўйлаб мижоз қабул қилмай, фақат етказиб бериш йўли билан ишлаётган кўплаб кафе ва ресторанларда тиббиёт ходимларига қаҳва ва сендвичлар бепул тарқатилмоқда.
Дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус эътиқодидан, ирқидан, дунёқарашидан қатъи назар, барчани бирлаштирди, бир-бирига меҳр кўрсатишга ундамоқда. Вирус инсониятга таҳдид солиш билан бирга жамиятимиздаги лоқайдлик, кибр, ёлғончилик каби салбий иллатлар ва хавф-хатарга нисбатан бефарқ бўлмаслик, меҳр-мурувват ҳамда оқибат каби ижобий хислатларни ҳам баҳолаш имкониятини берди.
Хўш, коронавируснинг Ўзбекистон шароитида салбий ва ижобий оқибатлари нималарда намоён бўлади?
Ўзбекистон иқтисодиёти коронавирус туфайли ишлаб чиқариш, ижтимоий тузилмалар, бизнес субъектлари фаолиятининг вақтинчалик тўхталиши оқибатида бозорда маҳсулот танқислиги пайдо бўлади, аҳоли даромадининг пасайиши кузатилади, инфляция даражаси ошади ва бюджетга тушадиган солиқлардан даромад камаяди.
Коронавируснинг Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсири, фикримизча, биринчи навбатда рақамли иқтисодиётни ривожланишида намоён бўлади. "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган таълим тизимининг барча босқичларида халқаро андазаларга тўлиқ жавоб берадиган замонавий ахборот технологияларини ўқитиш, "Ақлли мактаб", "Электрон кутубхона" ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш учун инфратузилмани шакллантириш, рақамли технологиялар орқали ўқитиш марказлари сонини 80 тага етказиш, "Бир миллион дастурчи" лойиҳасини амалга ошириш каби вазифалар ижроси жорий йил 1 майигача тўлиқ ижро этилади.
Ҳозирда таълимнинг барча турлари боғча, мактаб ва олий таълим, малака ошириш тўлиқ масофавий тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Муқаддам таълимни рақамлаштириш тизимига ўтказишга турли важлар билан эътироз қилиб турган соҳа вакиллари, раҳбарларига коронавирус ҳеч қандай имконият қолдирмади. Галдаги вазифа таълим сифатини рақамли назорат қилишни ташкил этиш ҳисобланади.
Шу ўринда таълим ўрта, ўрта махсус ва олий таълимда масофавий таълимни йўлга қўйилиши соҳа ходимларининг таҳсинга сазовор хизматидир. Онлайн дарс бериш учун ўқув маълумотлар тайёрлаб, уни йўлга қўйган барча устозларга дарсларни назорат қилиш, баҳолаш ва сифатини ошириш учун ҳамжиҳатликда ёрдам беришимиз зарур. Бутун дунё “Хан академияси” таълим платформасидан онлайн дарс олиб, билим олмоқда. Ўзбекистонлик бир гуруҳ ёш волонтёрлар ўзлари ҳисобидан савоб учун ушбу платформани ўзбек тилидаги вариантини тайёрлашмоқда.
Бундан ташқари, пандемия бизнес субъектларини келажакдаги ўз фаолиятларини рақамли ташкил этиш ва бошқариш тизимига ўтказишини тезлаштиришига сабаб бўлади, деб ўйлайман. Чунки карантин шароитида тадбиркорларда оддий шароитдаги фаолият ва рақамли шароитдаги фаолият юритиш самарадорлигини реал воқеликда таққослаш имконияти юзага келди. Шу сабабли соҳа вакиллари фаолиятини тезкорлик билан ихтиёрий равишда рақамлаштиришга ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳолат пандемиядан сўнг иқтисодиёт ривожланиши ва инновациялар учун хусусий инвестициялар миқдорини ўсишига ижобий таъсир кўрсатади.
Карантин шароитида ишлаш мамлакатимиз ҳамда дунёда амалга оширилаётган масофавий фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари энг долзарб масала эканлигини кўрсатмоқда. Чунки амалдаги қонунчилигимизда карантин соҳасида ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солиш механизмлари назарда тутилмаган.
Масалан, амалиётда ходимларга иш вақти учун 8 соатлик табел юритиш белгиланган, масофавий фаолият юритишда бунинг имконияти йўқ. Масофавий таълим бераётган ўқитувчининг ўз ўқувчилари дарс бўйича топшириқларини бажаришини тартибга солувчи меъёрлар ҳам мавжуд эмас.
Худди шу каби масалалар ҳар бир соҳада мавжуд. Шунинг учун соҳага масъул шахслар, юристлар ва иқтисодчилардан ҳар бир йўналиш бўйича мавжуд муаммоларни аниқлаши талаб этилади. Ушбу масалаларни тартибга солиш бўйича эса ҳукумат қарори ва ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиради.
Пандемия бизга иқтисодиёт таркибий тузилмаларининг карантин фаолиятидаги фаолиятлари натижалари қайси соҳада оқсоқлик мавжудлигини аниқ кўрсатиб беради. Бу эса соҳа раҳбариятига ва барчамизга фаолиятни келгусида тўғри йўналтириш ҳамда юксалтиришни прогнозлаштиришимизга ёрдам беради.
Баҳодир Исроилов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.