Коррупция - ижтимоий онг меваси ёки пора олиш ва беришни тўхтатиш мумкинми?
БМТ маълумотларига қараганда, коррупция билан инвестициялар оқими ўртасида ўзаро қарама-қаршилик мавжуд экан, яъни давлатда коррупция даражаси қанчалик юқори бўлса, мамлакат иқтисодиётига инвестициялар кириб келиш даражаси шунча паст бўлар экан.
Шу нуқтаи назардан, иллатга қарши кураш олиб бориш учун дастлаб унинг келиб чиқиш илдизларини аниқлаш муҳим.
Ҳуқуқий манбаларда коррупциянинг асосий сабаблари сифатида 4 та омил кўрсатилган. Булар – иқтисодий илдизлар, ҳуқуқий сабаблар, институционал сабаблар ва ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит.
Коррупциянинг биринчи омили бўлган иқтисодий илдизлар ҳақида гапирганда шуни айтиш керакки, тарихдан коррупция иқтисодий ҳодиса сифатида товар-пул муносабатлари бор жойда мавжуд бўлиб келган. Давлатда иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хил чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ё рухсат бериш, ё тақиқлаш ваколати коррупциянинг куртак отишига замин яратади. Шу билан бирга, катта бойликларга эга бўлган баъзи ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва бозордаги рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш мақсадида ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиш, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга ҳаракат қиладилар.
Коррупциянинг кейинги омили ҳуқуқий сабаблар ҳақида айтганда, унинг ривожи давлатдаги қонунларнинг сифатига боғлиқ бўлиб, номукаммал бўлган қонунлар ишламайди ва коррупцияга мойил шахслар бундан устамонлик билан фойдаланишга интиладилар.
Коррупциянинг кейинги омили институционал сабаблар бўлиб, уларга давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги, фуқаролик назоратидан холилиги ёки бошқача айтганда, нотранспарентлиги киради.
Коррупциянинг охирги омили ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит бўлиб, бунга аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоатчиликнинг фаоллиги каби омиллар сабаб бўлади.
Умуман, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларида қонунбузилиши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг мавжудлигига йўл қўймаслик, уни келтириб чиқарувчи сабаблар ва унга имкон туғдирувчи шарт-шароитларнинг бартараф этилишига боғлиқ. Уларни қуйидагиларда кўриш мумкин, яъни кадрларни танлаш, лавозимига тайинлаш ва тарбиялаш ишларидаги камчиликлар, ходимлар томонидан ўз хизмат бурчини бажаришлари устидан назоратнинг талаб даражасида эмалсиги, жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг терговолди текширишлари, суриштирувнинг тўла, ҳар томонлама, холисона ўтказилиши, қабул қилинган қарорларнинг асослилиги ва қонунийлиги, уларнинг натижаси бўйича чиқариладиган хулосаларнинг асослилиги ва қонунийлиги устидан соҳавий назоратнинг талаб даражасида амалга оширилмаслиги, ходимларга нисбатан келиб тушган ариза ва шикоятларнинг тўла, ҳар томонлама ва холисона текширилмаслиги, уларга нисбатан бепарволик, масъулиятсиз муносабатда бўлиш, раҳбарликни амалга оширувчи ходимларнинг ваколатлилик даражасининг етарли бўлмаслиги.
Шуниси эътиборлики, жамиятдаги ижтимоий онгнинг у ёки бу тарзда ўзгаришига, одамларнинг давлат ва қонунларга нисбатан ишончи пайдо бўлишига судларнинг ўз вазифаларини қай даражада амалга оширишлари таъсирини кўрсатади.
Судлар томонидан тўғри ва адолатли қарор қабул қилинса, фуқаро ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланса, у одамлар орасида жамиятда адолат, ҳақиқат борлигига ишонч ҳосил қилади. Бунинг акси ўлароқ, фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини поймол қиладиган ноқонуний қарор қабул қилинса, ушбу қарорни қабул қилган суддан ва жамиятдан одамлар орасида норозилик келиб чиқади.
Демак, давлат хизматига баркамол, етук, соғлом фикрлайдиган, маънавияти юксак, яхши тарбия кўрган, аъло хулқли, маърифатли, дунёқараши кенг, пок виждонли шахсларни қабул қилиш ҳам коррупциянинг олдини олишда муҳим омиллардан ҳисобланади.