Коррупция одамларда эртанги кунга бўлган ишончни сўндиради

Коррупция жамият тараққиёти, юрт равнақи ва халқ фаровонлигига раҳна солади. Маънавиятини емириб, миллий қадриятларни, одоб-ахлоқ нормаларини поймол этади. Фуқароларда эртанги кунга бўлган ишончни сўндиради.
Шулардан келиб чиқиб, Президентимиз 2017 йил январида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилди.
Мазкур қонун юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда. Қонун коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлиги ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Ўтган йилнинг 27 майида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ҳужжат ана шу хавфли иллатга қарши муросасиз муносабатни янада кучайтириш борасидаги вазифалар кўламини кенгайтирди.
Коррупцияга қарши муросасиз курашиш узлуксиз ҳаракат қилишни тақозо этади. Буни давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ғоятда ҳақли фикрларни илгари сургани мисолида яққол кўриш мумкин.
Президентимиз таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.
Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш вазифалари ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида, парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул саналадиган алоҳида орган ташкил этиш таклиф қилинди. Бу ҳам ушбу хавфли иллатга бутунлай барҳам бериш учун ҳали кўп куч ва меҳнат сарфлашимиз зарурлигини кўрсатмоқда.
Кейинги даврда коррупцияга қарши курашиш соҳасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида бир қатор зарур чоралар кўрилди. Бу ҳақда тўхталаётганимизнинг сабаби шуки, жамиятнинг ҳар бир аъзоси қонунларни, хусусан, коррупция билан боғлиқ қилмишнинг ҳуқуқий оқибатларини яхши билиши керак.
Қонунни билмаслик, унинг мазмун-моҳиятидан бехабарлик, табиийки, коррупция жиноятини содир этган шахснинг жазодан қутулиб қолишига имкон бермайди. Чунки пора олган ҳам, берган ҳам, пора олиш-беришда воситачилик қилган ҳам муқаррар жиноий жавобгарликка тортилади. Қонун талаби шундай.
Маълумки, давлат органлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида иш олиб боради. Ўз-ўзидан, уларга жисмоний ёки юридик шахсларнинг иши тушади. Бундай чоғда «енг ичида» иш битириш мақсадига қаратилган илтимос ва таклифлар бўлмаслиги мумкин эмас. Коррупцияни келтириб чиқарувчи бундай ҳолатларни бартараф этиш йўли «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасида белгилаб қўйилган.
Мазкур нормага мувофиқ, давлат органлари ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига оид барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек, давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг давлат органлари ходимлари томонидан бажарилмаслиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Жаҳонгир Арслонов,
жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди раиси.