Кўрсатилмаган хизматлар учун тўланган пулни қайтариб олиш мумкин

Вилоят Матбуот уйида вилоятимизда давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда ФҲДЁ соҳасида 2024 йил биринчи чорагида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторов мавзу юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, ҳисобот даврида вилоятда фуқароларга 379242 та давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 35 фоизи, яъни 133021 тасини онлайн, 246221 тасини Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилган хизматлар ташкил этади. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 46097 тага кўп.

- Асосийси, соҳа тизимли ислоҳ қилиниб, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилмоқда, - дейди Салоҳиддин Сатторов. - Мисол учун, жорий йилнинг 1-чорагида 21 та янги давлат хизмати жорий этилиб, хизматлар сони 356 тага етказилди. Йил охиригача уларнинг сонини 400 тага етказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, энг кўп кўрсатилган 29 та хизмат “3 қадам” тамойили асосида соддалаштирилиб, уларда сўраладиган маълумотлар 225 тадан 99 тага, ариза юбориш учун сарфланадиган вақт эса 76 дақиқадан 22 дақиқага қисқартирилди. 2024 йилда бу тамойил барча хизматларда жорий этилади. Шунингдек, 46 та давлат хизматини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентлар қабул қилиниб, 37 та давлат хизматларини кўрсатиш жараёнлари тизимлаштирилди.

Тадбирда қонунчиликда назарда тутилган, аммо фуқаролар кам фойдаланаётган айрим ҳуқуқлар ҳам тилга олинди. Жумладан, қонунчиликка мувофиқ, мурожаатчининг аризасига кўра, давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар ва тўловлар давлат хизматларини кўрсатиш белгиланган муддатдан уч иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилган (ёки тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган) ёки асоссиз рад этилган тақдирда, қайтариб берилиши керак. Бу жараён соддалаштирилган тартибда, бир иш куни ичида амалга оширилади. Бироқ фуқаролар бу имкониятдан тўлиқ фойдаланишмаяпти. Ҳолбуки, жорий йилнинг ўтган 3 ойида давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 29320 та қонунбузарлик аниқланган. Шундан 26925 ҳолатда давлат хизматларини кўрсатиш муддати бузилган, 31 ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиб олинган, 2337 ҳолатда эса мурожаатлар асоссиз рад этилган.

Мисол учун, “Сaмaрқaнд сув тaъминоти” МЧЖ Паст Дарғом тумани филиали ишлаб чиқариш техник бўлими муҳандиси З.К. фуқаро Ш.З.нинг шу йил 4 март куни юборилган, қонун талаблари бўйича 3 иш кунида кўриб чиқилиши керак бўлган сўровномасини 27 мартгача кўриб чиқмаган. Бундай ҳолат унинг назоратидаги 100 дан ортиқ бошқа сўровномаларда ҳам такрорланган.

С.Сатторовга кўра, бу каби ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 26 та тақдимнома ва 633 та огоҳнома киритилган. Шунингдек, 153 нафар айбдорга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, 10 нафарининг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланган.

Асқар Баротов.