Кўзи ожизлар учун “Инновацион ҳасса”: у 2 метр оралиқдаги масофани олдиндан аниқлайди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази томонидан ёш истеъдодли тадқиқотчилар Бунёд Зарипов ва Ўлмас Зоиров яратган “Инновацион ҳасса” лойиҳаси амалиётга татбиқ этилди.

Лойиҳанинг тақдимоти жорий йилнинг 29 июль куни Тошкент вилоятининг Пскент туманида бўлиб ўтди, дея хабар берди вазирлик ахборот хизмати.

Кўзи ожиз инсонлар ва эшитишида нуқсони бўлган шахслар учун мўлжалланган мазкур инновацион ҳасса уларнинг жамиятда ижтимоий фаоллик кўникмаларини оширишига хизмат қилади.

Инновацион ҳассанинг қулайликлари — мижоз ҳаракатланаётганида 2 метр масофа оралиғида мавжуд тўсиқ ва чуқурликлар тўғрисида электромагнит тўлқинли сигналлар тарқатган ҳолда маълумот тўплайди ва ҳасса эгасини овоз чиқариш ёки тебраниш орқали огоҳлантиради. Ултратовуш сенсори 30 даража бурчакда тўсиқ ва чуқурликларни аниқлай олади. Инновацион ҳасса фойдаланувчи учун жамоат транспорт воситаларидан фойдаланаётганларида ҳам ишончли буфер вазифасини бажаради.

“Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда юртимизда 66 мингдан ортиқ кўзи ожиз фуқаролар мавжуд бўлиб, улардан 41 минг нафари “Кўзи ожизлар жамияти”нинг аъзоси ҳисобланади.

Шулардан 2 минг нафари ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этиб келмоқда. Кўзи ожизлар ва заиф кўрувчиларнинг ижтимоийлашуви ва ижтимоий мослашуви учун мамлакатимизда қулай шароитлар яратилмоқда.

Инновацион ҳассанинг Пскент тумани кўзи ожизлар жамияти аъзоларига топширилиши бу каби хайрли ишларнинг дебочаси ҳисобланади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий амалий маркази директори ўринбосари Акбархон Собирхоновнинг таъкидлашича, инновацион ҳассалар ҳозирда ишлаб чиқарилмаяпти.

Пскент туманидаги “Кўзи ожизлар жамияти” аъзоларига мазкур ҳассалар маъқул бўлган. Улар томонидан ҳассани янада такомиллаштириш таклифлари ҳам берилди. Айни вақтда бу таклифлар устида ишланмоқда. Инновацион ҳасса функциялари янада кучайтирилгач, ишлаб чиқарилади.

Келгусида Инновацион ишланмаларни жорий этиш маркази ва ёш тадқиқотчи билан ҳамкорликдаги ушбу лойиҳа амалиётга кенг татбиқ этилиши режалаштирилган.