Kun.uz мухбири «Зарафшон» қошидаги маҳорат мактаби тингловчиларига машғулот ўтди

«Зарафшон» таҳририяти қошида мана ўн бир йилдирки журналистикага қизиқувчи ёшлар учун маҳорат мактаби фаолият юритади. Олти ой давом этадиган ушбу мактабга турли йўналишларда олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган талабалар, шу соҳада ишлаш истагида бўлган ёшлар қатнашади.

Бу йил ҳам таҳририят қошидаги маҳорат мактабига қатнаётган ёшлар  нафақат газетада фаолият юритаётган, балки вилоят, республикадаги таниқли журналистлар, олий таълим муассасалари ўқитувчиларидан сабоқлар олишаётир. Хусусан, шу пайтга қадар Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети, халқаро журналистика факультети доценти Наргис Қосимова, «Anhor.uz» ахборот-таҳлилий сайти бош муҳаррири Саида Сулейманова, блогер Тошпўлат Раҳматуллаев ва бошқалар журналистика жанрлари, ахборот олиш ва тарқатишда бугунги кун талабалари каби мавзуларда амалий машғулотлар ўтишди. Куни кеча республикада етакчи ахборот сайтлардан бири Kun.uz мухбири Шуҳрат Шокиржонов ҳам маҳорат мактаби тингловчиларига интернет журналистикаси, унинг ютуқ ва камчиликлари хусусида сўзлаб берди.

-  Таҳририят қошидаги маҳорат мактабига қатнаганимдан бери воқеа-ҳодисаларга, доим эшитадиган ахборотларга бошқача нигоҳ ташлайдиган бўлганман, - дейди мактаб тингловчиси, СамДУ талабаси Муниса Шамсиева. – Қаерга борсам ҳам ушбу ҳолатни ёзиш учун яна қанақа маълумотлар олишим кераклиги билан қизиқиб кўраяпман. Бугунги машғулот давомида ахборот сайтларга янгилик, мақола тайёрлаш жараёнлари билан танишдик. Кўпчилигимизнинг эътиборимизда бўлган  Kun.uz сайти ходимларининг ишлаш тартиби биз учун жуда қизиқ бўлди.