Лавров Ғарб мамлакатларининг Навальний ишини текшириш талабига жавоб қайтарди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавров мухолифатчи Алексей Навальний иши бўйича Германия Федератив Республикаси томонидан маълумотлар тақдим этилмаганини ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан терговолди ҳаракатлари бошлаганини таъкидлади. Бу ҳақда 1 сентябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.

“Мана у (Навальний) бир ҳафтадан буён Германияда. Немис шифокорлари ҳам ҳеч қандай маълумот тақдим этмаяпти. Демак, қўшимча вақт талаб этилади. Бироқ нимагадир уларга нисбатан ҳеч ким ҳеч қандай талаб қўймаяпти, ҳақиқатни яширишга ўринмоқда деб, ҳеч ким танқид ҳам қилмаяпти”, деди РФ ТИВ раҳбари.

Лавров Навальний Омскдаги шифохонада 24 соатдан кўпроқ вақт давомида қолганини, бироқ ўша вақтнинг ўзида маълумот тақдим этилмаётганлиги сабабли “Ғарблик ҳамкасблар шовқин кўтарганини” эслатиб ўтди.

“Бизни бу вазият юзасидан тергов олиб бормасликда айблашмоқда, бу ёлғон. Воқеа содир бўлган куннинг ўзидаёқ бизнинг Ички ишлар вазирлигимиз терговолди текширувларини бошлади. Тергов ҳаракатлари фақатгина нима содир бўлгани аниқланганидан сўнггина бошланади. Такрорлайман нима содир бўлгани ҳали аниқ эмас. Немис шифокорлари ҳозирча зарурий маълумотларни тақдим эта олмади. Бизнинг Бош прокуратурамиз Германиядаги ҳамкасбларига ўзаро ҳуқуқий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди”, деб маълум қилди Лавров.