Лицей битирувчиларига диплом топширилди
Самарқанд давлат университетида мазкур даргоҳнинг академик лицейи битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда университет ректори Р.Холмуродов жорий йилги битирувчилар орасида халқаро олимпиадалар ғолиб ва совриндорлари, жаҳон рейтингида “ТОП-500” таликка кирган хорижий олий ўқув юртида ўқиш имкониятига эга бўлган ёшларнинг борлиги қолган лицей ўқувчиларига ўрнак бўлишини таъкидлади.
- Академик лицейимизни битирган 431 нафар ўқувчининг 15 нафари аъло даражали диплом билан тугатди, - дейди лицей директори Азамат Умаров. - Уларнинг 10 нафари нуфузли халқаро олий ўқув юртларининг талабасига айланган бўлса, 14 нафари хорижий тиллар бўйича IELTS сертификатига, 18 нафари эса CEFR даражаларини қўлга киритди.
12 нафар битирувчи Республика фан олимпиадасининг вилоят босқичида совриндор бўлди, 40 нафари республика ва халқаро онлайн-олимпиадаларда фахрли ўринларни қўлга киритди.
- Мазкур билим даргоҳида тажрибали устозларимдан фан сирларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилдим, - дейди Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасида ўтказилган «SEAMO-2020» халқаро онлайн-олимпиадаси финалчиси Муҳаммад Темирхонов. – Бу эса ўзбекистонлик ёшларнинг билимлари бошқалардан кам эмаслигини кўрсатди. Бу натижам энди олий ўқув юрти талабаси бўлиб, янада юқорироқ марраларни эгаллашимга туртки бўлади.
Тадбирда битирувчиларнинг ота-оналари, уларнинг устозлари ҳам сўзга чиқиб, ёшларнинг келгусида Янги Ўзбекистоннинг барпо этувчи ҳақиқий мутахассисларга айланишларини тилаб, омад тилади.
Дилмурод Тўхтаев.