Лондонда Чўлпоннинг машҳур асари таржимаси тақдим этилди
Англиянинг Лондон шаҳрида илк маротаба инглиз тилига таржима қилинган “Кеча ва кундуз” романининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг 17 январь куни Ўзбекистоннинг Лондон шаҳридаги Элчихонасида замонавий ўзбек шеърияти ва адабиёти намояндаси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг илк маротаба инглиз тилига таржима қилинган “Night and Day” (“Кеча ва кундуз”) романининг тақдимоти бўлиб ўтган.
Асар АҚШнинг Мичиган университети славян тиллари ва адабиёти кафедраси маърузачиси, ёш олим Кристофер Форт томонидан таржима қилинган.
Кристофер ушбу асарни таржима қилишдан аввал бир йил давомида Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини ўрганган.
Жумладан, ХХ аср ўзбек адабиёти бўйича илмий-тадқиқот иши учун материаллар тўплаган. 2019 йилда диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилган.
Ёш олим ушбу таржимаси орқали халқнинг маданий, тарихий анъаналари, мусулмон ислоҳотчиларининг тараққийпарвар ғояларини ўзида мужассам этган ХХ аср бошидаги ўзбек соцреализми адабиёти ноёблигини исботлаб берган.