Lonely Planet жаҳон сайёҳлик ташкилоти келаси йил учун машҳур йўналишлар рўйхатини эълон қилди: Рўйхатдан Самарқанд ҳам ўрин олган

Мазкур нуфузли сайт ҳар йили жаҳон сайёҳлари учун энг яхши туристик йўналишларни ҳам эълон қилиб боради. Ташкилот 2024 йил учун ўз анъанавий рўйхатига энг яхши 10 та шаҳар, мамлакат ва минтақалардан ташқари, иккита янги тоифани қўшди: “Энг яхши маданий бойлик” ва “Энг яхши барқарор йўналиш".

Ўзбекистон эса саёҳат учун дунёнинг энг яхши давлатлари ўнталигига кирди. Унга Мўғулистон, Ҳиндистон, Марокаш, Чили, Бенин, Мексика, Покистон, Хорватия ва Сент-Люс ҳамроҳлик қилади.

Номинация ғолиби сифатида Ўзбекистон ҳақида шундай ёзилади:

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳатчилар минг асрлик савдо йўллари бўйлаб юришда давом этмоқда. Тезюрар поездлар бир пайтлар гуллаб-яшнаган мустаҳкам шаҳарларни боғлаб турган туя карвонлари ўрнини эгаллаган. Бироқ Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг қадимий обидалари ҳали ҳам Ипак йўли даврини намоён этади. Нурота тоғларида қишлоқ хўжалиги туризми ташаббуси эса ташриф буюрувчиларга чорвачилик жамоалари ҳаётини ҳис этиш имконини беради".

Lonely Planet веб-сайтида Ўзбекистонга ташриф буюришни истаган киши учун турли фойдали маълумотлар - мамлакатга ташриф учун энг яхши вақт, диққатга сазовор жойлар, виза тартиблари ва бошқаларни топиш мумкин.