Лотерея қачон пайдо бўлган?
Ҳозирги замонда лотереядан йирик суммада пул, қимматбаҳо машина ёки квартира ютиб олишни орзу қилмайдиган кишини топиш амримаҳол. Хўш, лотерея ўйини қачон пайдо бўлган?
Ҳар йилгидек бу йил ҳам бутун жаҳонда лотерея пайдо бўлган кун – 24 февраль нишонланиши муносабати билан биз мазкур ўйинларнинг энг ҳайратлилари ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик, деб ёзади «Мир новостей» (2020 йил, 7-сон) ҳафтаномаси.
Эрини хотирлаб
Ҳозирги лотерея ўйинлари асосан бирор қувончли кун ёки тарихий воқеа муносабати билан ўтказилади. Европа тарихида эса бу ўйин биринчи марта 1466 йил 24 февралда билетлар сотиш орқали ўтказилган. Нидерландиялик рассом Ян ван Эйк вафотига 25 йил тўлиши муносабати билан унинг беваси лотерея ўйини ўтказган. Эрининг ўлимига кўниколмай изтироб чеккан аёл Бельгиянинг Брюгге шаҳрида яшовчи камбағаллар учун хайрия лотереяси ташкил этган. Ундан тушган пул тўлиқ хайрия мақсадларида ишлатилган, аёл фақат ташкилий сарф-харажатлар учунгина пул олиб қолган. Ўшандан буён 24 февраль жаҳонда лотерея пайдо бўлган кун сифатида нишонланади.
Людовик XIIIнинг лохотрони
Лотерея ўйини иштирокчиларини ҳамиша бир асосий савол қийнаб келади: ўйин ҳаққониймикан, бош соврин ҳақиқатан чинакам ғолибга насиб этадими?
Ҳеч кимга сир эмас, бу жараён ҳамиша ҳам ҳаққоний кечавермайди. Ушбу ҳолатда лотереяни лохотрон дейишади ва ғирромлик қилганлар жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин. Биринчи ҳужжатли лохотрон – ғирромлик Францияда Людвик XIII ҳукмдорлиги пайтида фош этилган ва бекор қилинган қарор адолатли деб тан олинган. Бу ўша «Уч мушкетёр» романида тилга олинган Франция қиролининг ўзи эди. Гап шундаки, Людвик XIII лотерея ўйини ўтказган ва бош совринни ўзига олган, иккита иккинчисини эса қариндошларига берган. Ушбу воқеа туфайли мамлакатда сал бўлмаса ғалаён кўтарилаёзган. Оқибатда ўйин натижалари бекор қилинган.
Олтин тезак
Лотереядан нима мақсадларда фойдаланишни ўйлаб топишмаяпти, дейсиз. Бу борада Тайванда ташкил этилган лотерея ўйини оригиналлиги билан кишини ҳайратга солади. Итини сайр қилдириб юрганда ортидан тезагини йиғиштириб олганларга учтадан лотерея билети топширилган. Энг муҳими, учта бош соврин жуда қиммат: қиймати 12, 18, 60 минг долларга тенг қуйма олтин бўлган. Уларга лотерея билети шаҳар экологиясини назорат қилувчилар томонидан берилган. Ўйин ҳаққоний ўтган. Шаҳарда илгари ҳарқадамда учрайдиган ҳайвонларининг тезагидан асар ҳам қолмаган.
Т.МУРОД тайёрлади.