«Ўзбекистонга саёҳат қил» лотереяси ғолиби Самарқандда
Татаристон Республикаси (Россия Федерацияси) резиденти Артур Игоревич тасодиф билан «Ўзбекистонга саёҳат қил» лотереясида ғолиб бўлиб, юртимизнинг сайёҳлик шаҳарлари билан танишиш имконини қўлга киритган эди.
14-15 cентабрь кунлари лотерея ғолиби рафиқаси билан биргаликда Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Уларнинг биринчи ташриф маскани Амир Темур мақбараси бўлиб, шундан сўнг Регистон майдони ва Бибихоним масжидини томоша қилишди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати маълум қилди.
Меҳмонлар шаҳарнинг кўп асрлик тарихи ва маънавий бойлигидан ҳайратга тушди. Миллий таомларимизнинг турфа хиллиги ва ўзига хослиги унутилмас таассурот қолдирди. Сафарининг иккинчи куни Артур рафиқаси Мария билан биргаликда Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр мақбараси, Шоҳи Зинда меъморий мажмуасин зиёрат қилди.
Маълумот учун, лотерея Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий делегацияси ташрифи доирасида бўлиб ўтди.