Лотерея сотувчиси “Спарк” ютуғини харидордан олиб қўйди. Ҳолат ўрганилмоқда (видео)

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти, Шовот тумани деҳқон бозорида лотерея билети билан боғлиқ баҳсли ҳолат бўйича тарқалган видеолавҳалар тарқалди.

Унда 2020 йил 16 февраль куни бир гуруҳ шахслар ютуқ чиққан лотерея билетини уни сотган шахс томонидан яширилганлиги тўғрисида баён қилганлар.

Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, ушбу видеолавҳа Шовот тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва ҳолатга алоқадор барча шахслар аниқланди.

Шунингдек, хабарда ҳозирги кунда лотерея билетига ҳақиқатда ютуқ чиққан ёки чиқмаганлигини, шунингдек, унинг йўқотилиши билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга аниқлик киритиш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани ва суриштирув ишлари якуни бўйича қўшимча равишда маълум қилиниши айтилган.

Ушбу ҳолатга Халқ банки ҳам расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, фуқаролар Қ.К. ва Р.Р. биргаликда “Шовот марказий деҳқон бозори”да Халқ банки лотереяларини сотиш билан шуғулланиб келишган. Улар Халқ банки ходимлари эмас. Шунингдек, бу фуқароларнинг лотереяларни сотиш бўйича Халқ банки билан ҳеч қандай шартномаси ҳам йўқ. Ушбу фуқаролар Халқ банки кассаларидан “Омад қуши” лотереяларининг ҳар бирини 3 минг сўмдан сотиб олиб, фуқароларга 4 минг сўмдан сотганлиги аниқланди. 

Халқ банки томонидан чиқарилаётган лотереялар, хусусан, “Омад қуши” лотереяси билетига ҳам нархи алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Айни пайтда Исажон Искандаровнинг аризасига биноан мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органи ходимлари томонидан терговга қадар ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.