Маънавият фидойилари сулоласининг ёрқин вакили

Даҳбедийлар
Марказий Осиёда тасаввуф тоинки шўро тузумига қадар изчил, узлуксиз давом этган. ХХ аср бошларида юртимизда, асосан, нақшбандия, қисман эса қодирия тариқати вакиллари фаолият олиб борган.
XVI асрда Самарқанд яқинидаги Даҳбед қишлоғи бу ерга Наманганнинг Косонидан келиб ўрнашган Махдум Аъзам Косоний – Даҳбедий шарофатидан нақшбандиянинг йирик марказига айланган эди.
XIX аср охирлари – XX аср бошларида Даҳбедий пирларнинг муриди бўлган бир авлод шарофати билан Ургут тариқатнинг йирик марказларидан бирига айланди.
Ургутийлар
Ургутий пирлар орасидан шундай бир сулола етишиб чиқдики, бу оила аъзолари тариқатни отадан ўғилга ўтказа бориб, ўзига хос бир занжир ҳосил қилди. Занжирнинг бошида Хожа Валихон Ургутий турган эди. Бу зот ўз даврида “қутб уз-замон” дея юксак ном билан шарафланган. У Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим Самарқандийнинг муриди бўлган. Тариқатга раҳнамолик қилиш Эшони Валихондан ўғли Эшони Муҳиддинхонга ўтди. Эшони Муҳиддинхон, кўп муридлари қатори, ўғли Эшон Қутбиддинхонни тарбиялади. Эшони Муҳиддинхон бир аризасида жумладан: “Менинг отам, бобом ва катта боболарим эшонлик билан шуғулланган” – деб ёзади:
Ургутнинг Чорчинор мавзесида ургутий пирлар ташаббуси ва маблағига аввал чўбин, яъни синжли, 1914 йили эса ғиштин мадраса ҳам қурилди. Ҳатто, 1920 йили Бухорода большевиклар босқини юз бериб, у ердаги барча мадрасалар фалолияти тўхтатилганидан кейин шаҳри шарифнинг айрим нуфузли мударрислари шу мадрасага келиб, таълим беришни давом эттирган.
Эшони Валихон ва унинг невараси Эшони Қутбиддинхон ана шу Чорчинор мавзесига дафн этилган. 2019 йили таниқли шоир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Абдували Қутбиддин ҳам улуғ боболари ёнидан абадий қўним топди.

Эшони Валихон Ургутийга таҳдид
Албатта, “Эшони Ургутий” сифатида ном қозонган дастлабки улуғ зот – Эшони Валихон Ургутий. У 1915 йили вафот этган. Нақшбандия Муҳаммад пайғамбар(с. а. в.)дан бошланадиган “олтин” силсиласида 32-ҳалқа ҳисобланади.
Эшони Валихон халқ орасида жуда катта мавқега эга эди. Бу ўша даврдаги ҳукмрон сиёсатга мутлақо ёқмас эди, албатта. Халқни ўз ғояси билан эргаштириши мумкин бўлган обрўй-эътиборли ҳар қандай шахс авторитар ва тоталитар тузумга хуш келмайди. Ҳукмрон сиёсат учун фақат унинг айтгани – айтган, дегани – деган бўлиши керак, вассалом. Шунинг учун ҳам Эшони Валихон чор ҳукумати махфийлари томонидан умр бўйи доимий равишда кузатувда бўлган.
Тарих фанлари доктори, профессор Шодмонқул Пиримқуловнинг ёзишича, 1914 йилнинг августидан Эшони Валихон фаолияти билан шахсан Самарқанд уездининг ҳарбий губернатори генерал-майор Ликошиннинг ўзи шуғуллана бошлагани, жумладан, архивларда унинг 1914 йилнинг 11 августида қўл остидагиларга: “Сизнинг итиёрингизда бўлган бўлимдаги мен бошқараётган Самарқанд уезди, Ургут қишлоғида яшовчи Эшони Валихон тўғрисидаги маълумотларни юборишингизни сўрайман”, – деган мазмундаги мактуб йўллагани ҳам айтилади.
Архивларда чор ҳукумати подполковниги Сизих имзоси билан 1914 йилнинг 25 августида Самарқанд уезди ҳарбий губернаторига “Мутлақ махфий” (“Совершенно секретно”) тамғаси билан йўлланган жавоб хати нусхаси ҳам сақланади. Унда, жумладан, шундай мазмундаги маълумотларга дуч келамиз:
“Шуни билдиришни лозим топаманки, мавжуд маълумотларга қараганда, Самарқанд уездининг Ургут қишлоғида Эшони Валихон отли обрўйли Эшон бор. Унинг муридлари Туркистон, Бухоро ва Афғонистоннинг турли жойларида яшайди. Айтишларига кўра, Бухорода у юксак ҳурмат-эҳтиромга эга ва вафотидан кейин авлиёлар сафига киритилади.
Ургут волостига рус волост бошқарувчиси тайинланганидан кейин волостда бунга нисбатан кучли норозилик юзага келди. Ҳатто, ҳукуматдан яширмаган ҳолда маҳаллий аҳоли ўртасида (“среди туземцев”): “Ургутликлар ҳукуматга қарши ҳеч қандай иш қилгани йўқ ва улар орасида рус талаблари билан келишган ҳолда халқни бошқара оладиган шарафли шахс бор”, – деган миш-мишлар тарқалди.
Халқнинг бу кайфиятини эслатиб ўтилган Валихон қўллаб-қувватлаб турибди ва катта фанатизмни қўзғаш учун у ўзининг бир неча муридига гўёки муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун сафар баҳонасида Афғонистонга бориш, амалда эса у ерда ўзининг содиқ муридларидан бир қисми билан шахсан кўчиб бориши учун шароит ҳозирлашга яширинча кўрсатма берган. Бундай содиқ муридлари сони эса беш юз кишидан ошади”.
Келтирилган бу маълумотлар чор ҳукумати шундай улуғ инсоннинг халқ орасидаги юксак мавқеидан қанчалар қўрққанини, у зот билан ҳисоблашишга мажбур бўлганини кўрсатади.
Эшони Муҳиддинхонга таҳдид
Хўш, собиқ шўро давлатининг Эшони Валихон авлодларига муносабати қандай бўлди?
Орадан бир аср ўтганидан кейин дадил айтиш мумкинки, ХХ аср бошларида юртимизда нақшбандиянинг Муҳиддинхон Эшондан обрўйлироқ ва истеъдодлироқ вакили бўлмаган. У тариқатнинг асрий анъаналарини изчил давом эттирди.

Бироқ шўро тузуми динсизлар давлати эди. У фақат ислом дининигина эмас, умуман, маҳаллий халқ тийнати, маънавияти ва маданиятини бутунлай синдириб ташлаш, миллий хусусиятларидан “қутулган” ягона совет халқини шакллантиришни аввал-бошдан мақсад қилган эди. Шундай экан, бу давлатнинг тасаввуф тарғиботчисига нисбатан ўта салбий муносабатда бўлиши тайин эди.
Халқнинг руҳоний йўлбошчиларидан, донишманд раҳнамоларидан бири сифатида Эшони Муҳиддинхоннинг буни сезмаслиги, англамаслиги мумкин эмас эди. Шунинг учун у ҳукмрон сиёсат билан муросаю мадоро қилиб яшаш йўлини танлади.
Эшони Валихоннинг бу позицияси Хожа Ҳофиз Шерозийнинг бир ғазалидаги:
Бо дўстон – мурувват, бо душманон – мадоро, –
деган мисрасини эсга солади.
Ўзбекистон Коммунистик (большевиклар) партиясининг 1927 йил 14 июнида бўлиб ўтган VI пленумида партия Марказий Комитетининг биринчи секретари Акмал Икромов “Диндорлар ва мактаб тўғрисида” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи ўша пайтдаги Ўзбекистон диндорларини уч асосий гуруҳга – эшонлар, маҳдуд (консерватив) диндорлар ва илғор ёки ислоҳотчи диндорларга бўлади. Айрим эшонлар расман, кўпчилиги эса норасмий равишда эшонликдан воз кечганини айтади. Кейин бевосита мисол келтиришга ўтади:
“Менинг қўлимда ургутлик таниқли эшоннинг аризаси бор. Ер ислоҳотлари пайтида унинг қарийб 120 минг муриди – издоши борлигини айтишган эди. У йирик эшон эди. Мана, у ариза бериб, эшонликдан воз кечганини ва бундан буён унинг олдига энди ҳеч ким келмаслигини ёзади. Мана, у нима деб ёзади:
“1927 йилнинг 16 апрелидан мен, тубанда имзо чеккан Ургут районининг Сўфиён мавзеси(квартали)да яшовчи Муҳиддинхон Валихонов, ушбу қоғозни тузиб, шуни маълум қиламанки, менинг отам, бобом ва катта боболарим эшонлик билан шуғулланган, шунинг учун мен ҳам шахсан, ота-боболарим йўлини давом эттириб, меросийлик асосида эшон ҳисобланган эдим.
Совет ҳокимиятида эшонлик билан шуғулланиш ва бошқалар меҳнатини эксплуатация қилиш салбий ҳодиса ҳисобланади, шунинг учун бизнинг замонда янги мактабларда ўқиш ва билим олиш лозим, шунингдек, ҳар бир киши ўз иши, деҳқончилик билан банд бўлиши, ўз шахсий меҳнати маҳсуллари билан тирикчилик ўтказиши керак.
Шунинг учун бу йилнинг рамазон ойида ўз ихтиёрим билан биродарларимга (издошларимга) мен бундан буён даҳа ибодатларини ташкил этиш ва ўтказишдан воз кечганимни, шунинг учун менинг олдимга келмасликларини маълум қилиб, хатлар йўлладим. Биродарларим келишмади ва мен даҳа ибодатларини ўтказмадим.
Бундан ташқари, шуни ҳам маълум қиламанки, кеча 15 апрель, жума куни жума намозидан кейин ўз биродарларимни йиғдим ва ҳаммасига эшиттириб: “Биродарлар, шуни яхши билиб олингларки, мен ҳозирдан бошлаб эшонликдан воз кечдим ва воз кечаман. Мен ҳам, ўғилларим ҳам бундан буён эшонлик билан мутлақо шуғулланмаймиз. Энди мен ўз боғим ва еримда ишлайман ва ўз меҳнатим билан яшайман.
Учинчидан, мен воз кечганимни муҳр билан кенг хабардор қилишни илтимос қиламан, токи барча ҳамма ерда ўқисин ва билсинки, мен эшонликдан воз кечдим, деҳқончилик билан шуғулланяпман ва ўз меҳнатим билан яшаяпман, токи менинг издошларимдан ҳеч ким менинг олдимга келмасин ва мени “эшон” деб ҳисобламасин.
Ушбуни мен ўз хоҳишим билан туздим ва имзоладим. Муҳиддинхон Эшон Валихонов”.
Имзо устидан шахсий муҳр ҳам босилган.
Ҳар қанча эшонликдан воз кечган, ўз ерида деҳқончилик билан кун кўришга ўтган бўлишига қарамай, Муҳиддинхон Эшонга шўро давлатининг таҳдиди тўхтамади.
Донишманд Шайх ўзи ва бола-чақаларига камроқ зиён етишини инобатга олиб, 1928 йили қўшни Афғонистонга ўтади. 1930 йили ҳаж зиёрати нияти билан Саудия Арабистонига жўнайди. Ҳаёти ҳам ана шу 1930 йили ўша юртда якун топади. Қабри – Мадинада.

Эшони Қутбиддинхонга таҳдид
Шўро ҳукумати бу билан хотиржам бўлмади. Муҳиддинхон Эшоннинг авлодларига таҳдид қилишни изчил давом эттирди.
Муҳиддинхон Эшоннинг ўғиллари кўп эди. Орасида тўнғичи – 1906 йили таваллуд топган Қутбиддин Эшоннинг истеъдоди, илм-маърифати, обрўй-эътибори алоҳида эди. 1917 – 1930 йилларда у аввал Самарқанд, кейин Бухоронинг машҳур мадрасаларида таълим олган. Ургутнинг Чорчинор мавзесидаги отаси қурдирган мадрасада, отасидан ташқари, Эшони Асрорхўжа (Муфтақир), Абулбарокат Абдулғафур ибни мулла Абдуллатиф (Ятим), Худойберди Махсум, Асқархон Эшонлардан дарс эшитади. 1926 – 1930 йилларда отаси билан ёзишмалар орқали тасаввуфга доир масалаларда савол-жавоблар олиб боради.
Эҳтимол, айнан шунинг учундирки, калтакнинг каттаси айнан унинг бошида синди.
Аввал отасидан қолган ер-мулкка эгалик қилиб, ишлайди. 1937 йили колхозга аъзо бўлиб кириб, 1940 йилгача боғбонлик қилади. Аммо 1942 йилнинг 8 августида у: “Советларга қарши фаолият юргизяпти”, – деган туҳмат билан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилади. Қозоғистоннинг Оқбўта шаҳри қамоқхонасида, Жанубий Оренбургда, Сибирь ўрмонларида, бошқа бахтсиз маҳбуслар қатори, оғир меҳнат қилишга мажбур этилади. Бундай мушкул шароитда бетоб бўлиб қолгани сабабли шифокорлар тавсияси билан қамоқдан озод бўлиб, Ургутга қайтади.
Аммо бу озодлик ҳам узоққа чўзилмайди. Ўтган асрнинг 50-йиллари бошларида республикамиздаги бир қанча таниқли олим, шоир ва адибларни ҳибсга олиш бошланганда – 1951 йил 27 ноябрида Қутбиддин Муҳиддинов ҳам қайтадан қамоққа олинади. Унга яна советларга қарши тарғибот олиб борганлик айби қўйилади. Эртасига, яъни 1951 йилнинг 28 ноябри куни уйида тинтув ўтказилади. Бир уйча, икки бош қўй, бир сигир, гиламлар хат қилиниб, акт тузилади ва улар вақтинча домланинг рафиқаси Малика аяда сақлаб туриш шарти билан қолдирилади. Тинтув пайтида 7 дона араб ёзувидаги китоб, 15 га яқин арабча мактуб, 1 дона Қуръон “аҳамияти бўлмагани” учун куйдириб юбориш йўли билан йўқ қилингани ҳақида акт тузилади.
Хуллас, Самарқанд вилояти судининг 1952 йилнинг 17 – 19 май кунлари бўлиб ўтган мажлиси ҳукми билан маҳбусга нисбатан ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси II қисми ва 67-моддасига кўра 25 йилга қамоқ-сургун жазоси тайинланади.
1953 йилнинг 5 мартида И. В. Сталин вафот этганидан кейин 1954 йилнинг 26 июлида Қутбиддин Муҳиддинов СССР Министрлар Советининг Раиси Георгий Маленьков номига шикоят хати йўллайди.
Аммо бу шикоят хати тезликда кўриб чиқилмайди. У Ўзбекистон ССР инқилобга қарши жиноят қилганлар ишини қайта кўриш бўйича комиссиянинг 1955 йил 20 апрелдаги мажлисидагина кўриб чиқилиб, 25 йиллик қамоқ жазоси 10 йил қилиб белгиланади. Шунга қарамасдан, кўп ўтмай адолат тантана қилади – 1955 йилнинг охирларида домла қамоқдан қутулиб, оиласига қайтади.
Тарих фанлари доктори, профессор Шодмонқул Пиримқуловнинг “Наука и религия” журналининг 1989 йилги 11-сони 94-бетидаги маълумотга суяниб ёзишига қараганда: “Қутбиддин Муҳиддинов Сибирда қамоқ жазоси муддатини йирик рус ёзувчиси А. И. Солженицин билан бир турмада ўтаган.
Қутбиддин домланинг қамоқдан қутулганидан хабар топган Тожикистондаги қадрдонлари уни Тожикистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига ишга таклиф этишади. У ерда бир неча йил ишлаб, юртимиздан чиққан таниқли зиёлилар маслаҳати билан домла Тошкентга қайтади ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига ишга қабул қилинади. Бу борада академик шоир Ғафур Ғуломнинг катта ёрдами тегади.
Устоз 1983 йилнинг декабрида автоҳалокат туфайли вафот этади.
Тожикистонда ишлаб юрган кезлари домла Ўзбекистон прокуратурасига ишларини қайта кўриб чиқиб, тамомила бегуноҳ эканлигини тасдиқловчи қоғоз беришларини сўрайди. Афсуски, бу илтимос ҳам қондирилмайди. У умрининг охиригача судланган сифатида яшаб ўтишга мажбур бўлади.
Фақат қайта қуриш ва ошкоралик даври шарофати билан Қутбиддин Муҳиддинов вафотидан 5 йил ўтганидан кейин, яъни 1988 йил 16 декабрида Ўзбекистон ССР Олий суди Президиумининг қарори билан Самарқанд вилояти судининг 1952 йил 17 майдаги ургутлик эшонлардан Абулхайр Асрорхонов билан Қутбиддин Муҳиддинов ҳақидаги ҳукми тамомила асоссиз бўлгани, улар фаолиятида мутлақо жиноят аломатлари йўқ экани аниқланиб, маҳбуслар бутунлай оқлангани айтилади.
Таниқли адабиётшунос, марҳум Шерали Турдиев “Қутбиддин домла қисмати (Таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан)” мақоласида олимнинг Самарқанд ва Тошкентда ўтказилган тергов жараёнларида қанчалар азоб-уқубат чеккани, ўтказилган савол-жавоблар архив материаллари асосида батафсил ёритилган. Биз ушбу мақолани ёзиш жараёнида ана шу муаллиф келтирган ҳужжат ва далилларга суяндик.
Шерали Турдиев зикр этилган мақоласида каминани ҳам Қутбиддин Муҳиддиновнинг шогирдлари қатори санайди. Биз шу шогирдлигимиз билан аз таҳи дил фахрланамиз. Ушбу сатрлар муаллифининг 1996 йили чоп этилган “Нақшбанд ва Навоий” монографияси айнан шу пири комилга бағишланган ва бу китобнинг дастлабки саҳифасига шундай сўзлар дарж этилган:
“Ушбу рисолани бир маҳаллада яшаб, бир даргоҳда меҳнат қилиб, дилгир суҳбатларига мушарраф бўлганим мен таниган энг сўнгги чинакам нақшбандий пир – Қутбиддин эшон Муҳиддин ҳожи ўғилларининг руҳи покларига бағишлайман.
М у а л л и ф”.

Шараф топган шарифлик
Мустақиллик йилларида бу улуғ оилавий сулола аъзолари меросига муносабат тубдан ўзгарди. Тасаввуф вакиллари, жумладан, ургутлик шайхлар меросини ўрганиш имконияти пайдо бўлди.
2001 йилнинг 9 мартида Самарқанд вилояти ҳокимининг “Ургут шаҳридаги Чорчинор мавзесини ободонлаштириш ҳақида”ги қарори, 2001 йилнинг 14 мартида эса ана шу қарор ижросини таъминлаш бўйича Ургут тумани ҳокимининг қарори ҳам қабул қилинди. Ургутдаги Эшон Валихон ҳамда у кишининг неваралари Қутбиддин Муҳиддинов дафн этилган Чорчинор мавзеси обод қилинди.
2001 йил ёзида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 10 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилояти, Ургут тумани ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Самарқанд бўлими ҳамкорлигида “Хожа Валихон ва Қутбиддинхон эшонларни Ургут ёд этади” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
2002 йил 14 июнида Ургутнинг ана шу Чорчинор мавзесида Самарқанд вилояти, Ургут тумани ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Самарқанд бўлими, Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида “Хожа Валихон ва Қутбиддинхон эшонларнинг илмий мероси ва маънавиятимизда тутган ўрни” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Анжуманни Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, СамДУ профессори Ботирхон Валихўжаев бошқарди. Самарқанд вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Ш. Мирзиёев, Ургут тумани ҳокими Х. Нуруллаев табрик сўзлади. Академик Б. Валихўжаев “Хожагон тариқати ва Хожа Валихон Ургутийнинг мавқелари”, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси кафедраси мудири, профессор Н. Комилов “Шайх Муҳиддин Ургутий мактублари ҳақида”, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари, филология фанлари номзоди С. Олим “Мен билган нақшбандий”, СамДУ профессори Ш. Пиримқулов “Валихон Эшон ва унинг авлодларига даврнинг муносабати” мавзусида маъруза қилди.
Шу тариқа Чорчинор ҳозир мамлакатимизнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бирига айланди.
Китоб битган тўрт авлод ёхуд бевосита ворисийлик
Ургутий эшонлар сулоласида тўрт авлод вакиллари китоб битган. Бугунги кунда халқимиз орасида сулоланинг кетма-кет тўрт вакили китоб ёзган бошқа бундай оила борлигини билмайман.
Муҳиддинхон Эшон
Ургутий пирлар сарҳалқаси Эшони Муҳиддинхондан бизга тасаввуфий мактублар мажмуаси мерос бўлиб қолган. Бу мактубларнинг 35 таси муридлари Абдулбаракот Абдулғафур ибн Абдуллатиф ал-Ятим томонидан жамланган ва унга яна 4 та мактуб ҳам илова қилинган. Кейинги 4 мактубнинг биринчиси Шайх Муҳиддинхон Ургутий номига келган. Ҳажми – катта. Қолган 3 таси – мазкур Шайхнинг карманалик халифаси домла Абдулкарим муфтига юборган хатлари.
Мактублар Абдулмўмин деган котиб томонидан 1930 йили кўчирилган. Мазкур мажмуа 1920/Ш рақами остида Абурайҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланмоқда. Мактублар хақидаги биринчи маълумот шарқшунос олим А. Семёнов тузган “ЎзССР ФА Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари тўплами” (“Собрание восточных рукописей ИВ АН УзР”) каталогида келтирилган (II жилд, 395-бет). Мактублар тожик тилида ёзилган.
Атоқли шарқшунос, устоз Нажмиддин Комилов мактублардаги асосий ғояларни қуйидагича тасниф қиладилар:
“ – Ўткинчи дунёга қаттиқ, берилиб, дину иймондан узоқлашма;
– нафс ҳавосига учиб, керилиш, такаббур бўлиш, тамаъгирлик – сўфийнинг душмани;
– ўз яқинларига, аҳди оламга меҳрибон бўлиш;
– ботинни поклаб, маърифат билан қалбни тўлдириш;
– шариат талабларини бекаму кўст бажариш, аммо риёга, хўжакўрсин учун ибодат қилишга берилмаслик.
Шайх Муҳиддинхон Эшоннинг “Мактубот”и 2006 йили “Мовароуннаҳр” нашриётида 1 минг нусхада босилди. Бу китоб Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ботирхон Валихўжаев қаламига мансуб “Хожагон силсиласининг Шарқ ва жаҳон фалсафасида тутган ўрни” сарлавҳали кириш мақола билан очилади. Шунингдек, тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний ва филология фанлари номзоди Муҳаммаджон Маҳмуднинг “Эшони Ургутий ҳақидаги қўлёзма асар” мақоласи берилган. Сўнгсўз сифатида атоқли шарқшунос, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комиловнинг “Қимматли ирфоний манбалар” сарлавҳали махсус мақоласи ўрин олган. Мактубларни тожик тилидан Ҳамзаали Шералиев таржима қилган.
Қутбиддин Муҳиддинов (Қутбий)
Бу Эшоннинг ўғиллари – Қутбиддин Муҳиддинов сулоланинг иккинчи китоб битган вакили. У киши Тожикистонда ишлаган кезлари ХХ аср бошларигача бўлган тожик тилининг икки жилдли изоҳли луғати бўлмиш “Фарҳанги забони тожикий”ни тузишда фаол иштирок этади. Ана шу мўътабар луғатни тайёрлаш ишига яқиндан ёрдам берганлар сафида Қутбиддин Муҳиддиновнинг ҳам муборак номи қайд этилган.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида ўтган аср 60-йилларининг ўрталарида “Тарихий этимологик луғатлар” бўлими очилади. Олим шу бўлимда умрининг охиригача меҳнат қилиб, “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” 4 жилдлигининг юзага келишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Қутбиддин Муҳиддиновнинг ана 4 жилдли луғатни тайёрлашдаги хизмати мана бундай қайд этилган: “Хамса” асарининг луғатини тузган, форсий, арабий сўз, ибора ва байтларнинг изоҳи ва талқинини берган, “Мажолис ун-нафоис”, “Лисон ут-тайр” асарларининг луғатларини тузишда иштирок этган”.
Олим 1971 йили, яъни 65 ёшида “Мирзо Муҳаммад Маҳдихоннинг “Санглоҳ” луғати (тадқиқот, шарҳ, таржима ва транскрипция)” мавзусида филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади.
Бу соҳиби қалам “Қутбий” тахаллуси билан ўзбек ва тожик тилларида шеърлар битган, уларга бастакор Равшан Ҳамроқулов куйлар басталаган. Айрим ғазалларида рамзий ишоралар орқали ёр, яъни дўстни қўмсаш руҳи сезилади. Бунда кўнгилдан беихтиёр неваранинг қатағонлар дастидан тарки Ватан айлаган ва умри хорижда якун топган бобосини қўмсаши дарди яширинганини ҳам сезиш қийин эмас. Масалан, унинг мана бу матлаъ билан бошланадиган ғазали мағзи-мағзида ҳам шу соғинч дарди акс этган кўринади:
Дам ба дам бо ёди васлат дил чу печиш мекунад,
Ҳар замон аз ранҷи печиш сахт нолиш мекунад.
Мазмуни: “Дам-бадам васлингнинг ёди юракка ўралади, ҳар замон ана шу юракка ўралиш ранжидан дил қаттиқ нолиш қилади”.
У киши Нақшбандия тариқатининг анъанавий изчил тарбия кўрган сўнгги шайхи эдилар. Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом ўзини ул зотнинг муриди янглиғ тутар эди.
Муслиҳиддин Қутбиддинович Муҳиддинов
Ургутий эшонлар сулоласининг китоб битган учинчи вакили – Муслиҳиддин Қутбиддинович Муҳиддинов. Бу олим фаолияти хусусида мақоламизнинг кейинги фаслларида яна батафсилроқ сўз юритамиз.
Ургутий эшонлар сулоласининг китоб ёзган тўртинчи вакилалари – Эшони Муҳиддинхоннинг икки эвараси.
Бадиа Муслиҳиддиновна Муҳиддинова
Эшони Муҳиддинхоннинг эваралари Бадиа Муслиҳиддиновна Муҳиддинова ҳам – филология фанлари доктори, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида профессор бўлиб ишлайди.
Назмия Муслиҳиддиновна Муҳиддинова
Бадиа Муслиҳиддиновна Муҳиддинованинг синглиси Назмия Муслиҳиддиновна Муҳиддинова ҳам филология фанлари доктори, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида профессор вазифасида меҳнат қилади.
Билвосита ворисийлик
Бу катта оилада илм билан шуғулланиб, китоб битганлар фақат шуларгина эмас. Сулола вакиллари орасида, гарчи оталари китоб ёзмаган бўлса ҳам, илм йўлини танлаганлар яна бор.
Исҳоқхон Носиров
Эшони Муҳиддинхоннинг Носирхон ўғилларидан туғилган неваралари – Исҳоқхон Носиров филология фанлари номзоди, доцент, навоийшунос. 4 жилдлик “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”ни тузишга муносиб ҳисса қўшган, яъни амакиси – Қутбиддин Муҳиддинов билан ҳамкорликда “Мажолис ун-нафоис” асарида учраган сўзлар луғатини тузган.
Абдували Қутбиддин
Эшони Қутбиддинхоннинг Абдулмўминхон ўғилларидан туғилган неваралари бўлмиш Абдували Қутбиддин (1960 ‒ 2019) – таниқли шоир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Дўстлик” ордени, Халқаро “Олтин қалам” мукофоти соҳиби эди.
У 1960 йилнинг 20 июнида Қарши шаҳрида таваллуд топди. Болалиги, асосан, Ургут ва Самарқанд шаҳарларида ўтди. 1977 йили Самарқанд шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактабини тугатди. 1978 ‒ 1983 йилларда ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг Журналистика факультетида таълим олди.
Меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоятининг “Зарафшон” газетасида мухбирликдан бошлади. Кейин яна Тошкентга қайтиб, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, “Ёзувчи” нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Халқаро” телеканали директори ўринбосари, “Мусиқа” дирекцияси директори ўринбосари, “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази директори ўринбосари ҳамда “Халқ сўзи” газетаси шарҳловчиси вазифаларида хизмат қилди.
Мактаб ёшида ёзиб, матбуотда чоп этган шеърлари оғизга тушган эди.
Ижодкорлик Абдували мансуб машҳур оила учун меросий эди.
Абдували Қутбиддин Хожа Валихон Ургутий эшоннинг чевараси бўлади.
Абдували баракали ижод қилди. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида “Найсон” (1988) номли илк китоби Рауф Парфи сўзбошиси билан босилиб чиқди. Бу мўъжаз тўплам тез орада адабий жамоатчилик эътирофига сабаб бўлди. Шу тариқа Абдували адабиётга ўз овози билан кириб келди. Шундан сўнг шоирнинг кетма-кет “Бахтли йил” (1991), “Хаёл кечаси” (1994), “Сен ва сен учун” (1996), “Узоқдан олисга” (2006), “Бор” (2011), “Даъват” (2014) каби тўпламлари нашр этилди. Абдували Қутбиддин достоннавис сифатида ҳам самарали ижод қилди ‒ “Озодлик” ва “Изоҳсиз луғат”ни ёзди.
Абдували Қутбиддин ўз шеърлари билан замонавий адабиётда тасаввуф оҳангларини қайта жонлантирган ижодкорлардан саналади. Янги тимсол, талқин ва ифодалар топди.
Вафотидан кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди “Сўз чамани” туркумида Абдували Қутбиддиннинг шеърий гулдастасини ҳам чоп этди.
Шоирнинг умри қисқа экан. У 2019 йилнинг 8 декабрида ҳаётдан кўз юмди.
Валихон эшон ва неваралари Қутбиддин эшонлар мангу қўним топган Чорчинор мавзеси мамлакатимиздаги муқаддас гўшалардан бири ҳисобланади. Сўз орасида Абдували Қутбиддин куни келиб, омонатни топширса, уни ана шу улуғ боболари ёнига дафн этишларини васият қилган экан. Шунга кўра, у ҳам шу ерда мангу қўним топди.
Дарвоқе, атоқли шоир Ғафур Ғулом шўро даврида зимдан Қутбиддин эшонни ўзига пир тутган эди. У зоти шарифнинг Эски Жўвадаги Сағбон кўчасининг Олча гузарида жойлашган ҳовлиларига тез-тез келиб турар эди. Баъзан шундай бўлар эканки, Ғафур Ғулом дарвозаларини тақиллатиб улгурмасидан пирнинг ўзлари ғойибона ҳис билан пешвоз чиқиб, уни шоирга очар эканлар. Бу кароматдан иккалалари ҳам таъсирланиб, йиғлаб юборишар экан. Шундай кунларнинг бирида Ғафур Ғулом яхши ният билан, эскича иримимизга кўра, бобосининг уйларига Самарқанддан меҳмон бўлиб келган, ҳали 6 ёшга ҳам тўлмаган болакай ‒ Абдувалининг оғзига тупурган экан...
Ибрат томони шундаки, Муҳиддиновлар оиласи билан Ғуломовлар оиласи ўртасида ана ўша чинорлар ўрнатиб кетган мустаҳкам қадрдонлик ришталари кейинги авлодлар тарафидан ҳозиргача ҳам изчил давом эттириляпти.
Абдували Қутбиддин ўзидан катта мерос қолдирди. Умрининг охирларида телефон орқали сўзлашганимизда:
‒ Ака, ана-мана демай, олтмишвой бўлиб қоляпмиз. Анча йилдан буён китобим чиққани йўқ. Юбилей олди бир катта тўплам ҳозирлаяпман. Ҳатто, шу ниятда бир ойлик ижодий таътил ҳам олдим, ‒ деган эди.
Унинг ижоди кўплаб диссертациялар учун тадқиқот манбаси сифатида илмий ўрганилди. Маҳфуза Давронованинг “Ҳозирги ўзбек шеъриятида индивидуал услуб поэтикаси (У. Азим, И. Мирзо, Фахриёр ва А. Қутбиддин шеърияти мисолида)” (Самарқанд, 2019) мавзусидаги докторлик (DSс), Мафтуна Холованинг “Ўзбек модерн шеърияти поэтикаси” (Самарқанд, 2018), Гулноза Орипованинг “Мустақиллик даври ўзбек шеъриятининг ғоявий-эстетик ва бадиий хусусиятлари” (Фарғона, 2019) ва Дилшод Хурсановнинг “Ҳозирги ўзбек шеъриятида хронотоп поэтикаси” (Самарқанд, 2020) мавзусидаги фалсафа доктори (PhD) диссертацияларида, жумладан, Абдували Қутбиддин шеърияти хусусиятлари ҳам илмий таҳлил этилган.
Бугунги ўзбек шеъриятида шоирнинг издошлари ‒ анча. Унинг ўзига хос, янгича тимсолларга бой, жўшқин ҳиссиётли шеърлари ҳамон китобхонлар кўнглини забт этишда давом этиб келаётибди. Шундай мангулик ҳаммага ҳам насиб айласин.
Умедулло Маҳмудов
Қутбиддин Эшоннинг Исмоилхон ўғилларидан Моҳирахон исмли қиз туғилган. Унинг ўғли бўлмиш Умедулло Акмалиддин ўғли Маҳмудов Қутбиддин Эшоннинг невараси, Муҳиддин Эшоннинг эвараси, Валихон Эшоннинг чевараси бўлади. У шарқшунос-манбашунос, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
Мавзуна Муҳиддинова
Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг невараси, Қутбиддин Эшоннинг эвараси, Муҳиддин Эшоннинг чевараси, Валихон Эшониннг панневараси Мавзуна Сирожиддин қизи Муҳиддинова ҳам – олима, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори. У XVIII аср – XIX асрнинг биринчи ярми Бухоро амирлиги тарихи бўйича мутахассис ҳисобланади.
Камолот мактаби
Тасаввуф – инсоний камолот йўли. Бу таълимот аср-асрлардан буён шахсни олий даражада юксакликка еткаришни тарғиб этиб келади. Аммо эл орасида: “Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак”, – деган бир ҳақ ақида юради. Ёки: “Мулланинг айтганини қил-у, қилганини қилма”, – ҳам дейди халқ. Бу гаплар тутган йўли, айтган сўзи, ёзган ғоясига амал қилмаганлар ҳақида чиқарилган.
Ургутий пирлар авлоди вакиллари эса мамлакатимизда тасаввуф, хусусан, унинг энг такомиллашган тариқати бўлмиш нақшбандия қандай маънавий баркамоллик мактаби бўлганини бизнинг замонда ҳам амалан исботлаб келяпти.
Илм ва арбоблик
Муслиҳиддин Қутбиддинович Муҳиддинов 1945 йилнинг 5 майи куни, 1941 ‒ 1945 йиллар уруши ғалабасига бор-йўғи 4 кун қолганида Самарқанд вилоятининг Ургут туманида таваллуд топди.
1963 йили Тошкентда ўрта мактабни, 1967 йили эса Қарши давлат педагогика институтининг Ўзбек филологияси факультети кундузги бўлимини имтиёзли диплом билан тамомлади.
1967 ‒ 1968 йиллари Самарқанд давлат педагогика институти Ўзбек адабиёти кафедраси кабинет мудири, катта лаборанти бўлиб ишлади. 1968 ‒ 1971 йиллари Тошкент давлат университети Ўзбек филологияси факультетининг кундузги аспирантурасида таълим олди. 1971 ‒ 1983 йиллари Самарқанд давлат педагогика институти Ўзбек адабиёти кафедрасига ишга қайтиб, ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири вазифасини бажарувчи бўлиб меҳнат қилди. 1983 ‒ 1985 йиллари шу Институт ўқув-тарбиявий ишлар бўйича проректори, сиртқи ва кечки бўлим проректори бўлган. 1985 ‒ 1992 йиллари мазкур олий таълим муассасасининг Ўзбек адабиёти кафедраси доценти, профессор вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган. 1992 ‒ 1998 йилларда Самарқанд давлат университети Ўзбек мумтоз адабиёти кафедраси профессори, 1998 ‒ 2011 йиллари шу Университет маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори, ректори вазифасини бажарувчи бўлди. 2011 ‒ 2015 йилларда шу таълим муассасаси Ўзбек адабиёти тарихи, 2015 ‒ 2017 йиллари Ўзбек тили ва адабиёти, 2017 йилдан эса Мумтоз адабиёт тарихи кафедраси профессори.
У проректор бўлиб ишлаган даврларда СамДУ амалда республикамизнинг долзарб ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий-маърифий мавзуларда тез-тез Республика илмий-амалий анжуманлари ўтказиладиган таълим муассасаларидан бирига айланган эди. Соҳанинг ўша йиллари Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган бир мутахассиси сифатида домлани мамлакатдаги олий таълим муассасалари маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректорларининг энг пешқадами, устози, сардори деб билар эдим.
М. Қ. Муҳиддинов ‒ ўзбек адабиёти тарихи бўйича етук мутахассис, Самарқанд адабиётшунослик мактабининг фаол давомчиларидан бири, илм аҳли орасида катта обрўйга эга навоийшунос, мамлакатимизда юз бераётган буюк ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларидан руҳланиб, унинг моҳияти ва аҳамиятини талабалар онг-тафаккурига теран сингдириш, таълим ва тарбияни уйғун ҳолда олиб боришни бош вазифа деб биладиган фаол жамоатчи ва фан фидоийси.
“Ўзбек классик адабиётида “Баҳром ва Дилором” ҳамда “Баҳром ва Гуландом” циклидаги достонлар (“Ўзбек классик адабиётида “Баҳром Гўр” сюжетининг эволюцияси”) мавзусида номзодлик (1972 йил, илмий раҳбар ‒ Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Ғулом Каримов), “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида инсон концепцияси (“Хамса”ларнинг биринчи достонлари асосида)” мавзусида докторлик (1995 йил, илмий маслаҳатчи ‒ академик Ботирхон Валихўжаев) диссертацияларини муваффақятли ҳимоя қилган.
Олим фан ва таълимнинг катта ташкилотчиларидан бири ҳисобланади. Узоқ йиллар “Самарқанд университети” газетасига муҳаррирлик қилди, СамДУ қошидаги номзодлик диссертациялари ҳимоя этиладиган ихтисослашган кенгашнинг аввал илмий котиби, кейинчалик раиси сифатида фаолият кўрсатди. 2017 – 2024 йилларда буён СамДУ ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси сифатида кўплаб филология фанлари доктори ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражаларини олиш учун диссертациялар муваффақиятли ҳимоя қилинишида бош-қош бўлиб келди.
М. Қ. Муҳиддинов ‒ сермаҳсул адабиётшуносларимиздан бири. 11 монография, 17 ўқув-услубий қўлланма, 300 дан зиёд илмий-назарий мақола эълон қилган. У ўз тадқиқотларида комил инсон ғоясининг мумтоз адабиётдаги талқинларига катта эътибор беради. Чунки олижаноблик, саховат, шижоат, яратувчанлик ва бунёдкорликка асосланган комил инсон ғояси истиқлолга эришган мамлакатимизнинг моддий-маънавий тараққиётини белгиловчи омил сифатида ўрганилиши долзарб масалага айланди. Бу борада олимнинг “Талқинларда оламча маъно” (1984), “Барҳаёт анъаналар” (1987), “Ўзбек классик адабиётида гуманизм масаласи” (1988), “Адабий анъана ва ижодий ўзига хослик” (1990), “Икки олам ёғдуси” (1991), “Алишер Навоий ва унинг салафлари ижодида комил инсон талқини” (1999), “Хамса”ларнинг биринчи достонларида комил инсон тасвири” (2001), “Ғафур Ғуломнинг поэтик маҳорати” (2003), “Комил инсон – адабиёт идеали” (2005), “Нурли қалблар гулшани” (2007), “Навобахш ҳикматлар” (2014), “Халқ китоблари ва мумтоз адабиёт” (2015), “Хамса” достонларда комил инсон тасвири” (инглиз тилида: “Perfect human concepts in the first novels of the “Hamsa”, ГФР, “Ламберт” нашриёти, 2020), “Форс-тожик шоирлари ижодида комил инсон талқини” (2020) каби монографиялари навоийшунослик ва адабиётшунослик илми ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Кўплаб илмий ва илмий-оммабоп нашрларга масъул муҳаррирлик қилган ёки тақризчи бўлган.
Бу жонкуяр олим ва педагог “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари, “Имом ал-Бухорий сабоқлари”, “Гулистон” журналлари таҳрир ҳайъатлари, “Имом ал-Бухорий” халқаро маркази Илмий кенгаши, “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлиги, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш ҳамда ижтимоий тараққиётнинг илмий асослари ва амалий йўналишлари” фани бўйича малакавий имтиҳон комиссияси аъзоси, СамДУ ҳузуридаги педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази аттестация комиссияси раиси сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда. У мамлакатимизда нуфузли оммавий ахборот воситалари, жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Ўзбекистон овози”, “Янги Ўзбекистон”, “Жамият” газеталари, “Нақшбандия” журнали, “ZаrNEWS” ижтимоий тармоғида долзарб маънавий-маърифий, ғоявий-мафкуравий мавзулардаги чиқишлари билан кенг оммани мамлакатимиздаги амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, тил ва адабиётга эътиборли бўлишга, ахлоқ-одоб меъёрларига, соғлом турмуш тарзига амал қилишга, турли маънавий-мафкуравий таҳдидларга, билимсизликка қарши курашга даъват этиб келяпти.
М. Қ. Муҳиддинов Давлат фан-техника қўмитасининг “Шарқ мумтоз адабиётида комил инсон концепцияси” (2001 ‒ 2006), “Қўлёзма манбаларнинг миллий-маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти” (2007 ‒ 2011), “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи” (2017 ‒ 2020) мавзуларидаги грантлар соҳиби ва раҳбари бўлган. Мазкур грантлар доирасида ҳозиргача республикамизда ва хорижда 5 монография, 1 мақолалар тўплами ҳамда 32 мақола чоп этилди.
М. Қ. Муҳиддинов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” (2016) фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени (2020), “Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” (2006), “Ўзбекистон мустақиллигига 20 йил” (2011), “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” (2016) эсдалик нишонлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси сифатида Ўзбекистон герби акс этган олтин соат (2018 йил, 9 май), Самарқанд вилояти ҳокимининг фахрий ёрлиғи (2015), Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони (2022) билан тақдирланган.
Самарқанда адабиётшунослик мактаби
Сўнгги юз йил мобайнида ўзбек адабиётшунослиги мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Пойтахт бўлганидан кейин, албатта, Тошкент адабиётшунослик мактаби – шубҳасиз, бу соҳада етакчи мавқега эга. Аммо адабиёт илми мамлакатамизнинг барча минтақаларида изчил ривожланиб бораётибди. Улар орасида Самарқанд адабиётшунослик мактаби – алоҳида ўрин ва мавқега эга. Бунда Садриддин Айний, Воҳид Абдуллаев, Ботир Валихўжаев каби академикларнинг ҳиссаси катта бўлган, албатта. Муслиҳиддин Муҳиддинов ҳам – ана шу мактабнинг кўзга кўринган намояндаларидан бири. Самарқанд ўзбек навоийшунослиги марказларидан бири бўлиб қолишида, улар қатори, М. Қ. Муҳиддиновнинг ҳам хизматлари ‒ беқиёс. У шу йўналишда қатор монография ва илмий мақолалар ёзиш, ёш авлодга буюк шоир ва мутафаккир ҳаёти ва ижоди бўйича сабоқ бериш билан бирга, тадқиқотчиларни айни соҳага йўналтириб турибди ҳам.
Устозлик камоли
Адабиётшунос олимларни турфа гуруҳларга ажратиш мумкин. Бир тоифасида танқидчилик, яъни ҳозирги адабий жараёнга фаол аралашишга кучли мойиллик сезилади. Айримларида публицистлик устуворлик қилади. Кимдир таҳрирга ўч, етук муҳаррир бўлади. Яна бир тоифада таржимонлик ривожланади. Кимлардадир жуда шогирдпарвар келади. Лекин умрида бир шогирд чиқармаган профессорлар ҳам бор.
Муслиҳиддин ака ‒ шогирдлари кўп олимларимиздан. Ёшларни илмий ишга қизиқтириш, уларга қобилиятига мос долзарб мавзулар тавсия қилиш, бўлажак тадқиқотнинг йўналишларини белгилаб бериш, ишнинг охирига етиши билан боғлиқ масалалар ечимига жон куйдириб кўмаклашиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келадган юмуш эмас. Бунинг учун устозда, аввало, ният пок бўлиши, шогирднинг ютуғидан қувона олиш фазилати юксак даражада шаклланиши лозим.
Алишер Навоий бир ўринда тасаввуф учун уч нарса кераклигини айтади. Биринчиси ‒ истеъдод. Иккинчиси ‒ пир. Учинчиси ‒ пир билан мурид ниятининг ўзаро уйғунлиги. Бу талабларни диссертация ёзишга нисбатан ҳам бемалол қўллаш мумкин. Яъни, аввало, шогирдда муайян истеъдод бўлиши лозим. Сўнг эса яхши устоз танлаш зарур. Қолаверса, устоз билан шогирд нияти бир нуқтада туташиши даркор. Устоз то ўша тадқиқот охирига етгунига қадар шогирд билан бирга изтироб чекади. Бир кўйлак бўлса ҳам, кўпроқ йиртган тажрибали мутахассис сифатида бу йўлда дуч келган ҳар қандай муаммо ечимида шогирдига йўл кўрсатиб боради. Очиғини айтганда, у бағрикенг бўлиб, ёш тадқиқотчининг айрим “эрка”ликларини кўтаришга ҳам мажбур. Шунинг учун ҳар ким ҳам мардлик қилиб, бу масъулиятларни елкасига олавермайди.
Устозимиз ота-боболари қандай мурид тарбиялаган бўлса, шу анъанани илм борасида давом эттириб, кўплаб олимларнинг вояга етишига муносиб ҳисса қўшиб келяптилар.

Устоз рози бўлса, Тангри – рози
Устозимизнинг саксон ёшга тўлган муборак кунларида бир нарсани айтиб ўтиш ортиқчалик қилмас. У киши каминанинг “Лисон ут-тайр”нинг қиёсий поэтикаси: синтез, назиравийлик ва таржимавийлик” мавзусидаги докторлик диссертацияси(2023)га илмий маслаҳатчилик, завжиямизнинг “Алишер Навоий ҳамд ва наът ғазалларининг ғоявий-бадиий таҳлили” мавзусидаги фалсафа доктори диссертацияси(2018)га илмий раҳбарлик қилдилар. Шу кунларда келинимиз Дилдора Олимова у кишининг илмий раҳбарликларида ёзилган “XI-XII асрлар ўзбек шеъриятидаги муножотнома ва меърожномаларнинг адабий-ирфоний таҳлили” мавзусидаги фалсафа доктори диссертацияси кафедра муҳокамасига топширди.
Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да:
“Шогирд агар шайх ул-ислом, агар қозидур, агар устод андин розидур – Тенгри розидур.
Байт:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”, –
деб ёзади.
Яшириб нима қилдим, ҳамма шогирдлари қатори, биз ҳам азиз устозимизнинг розиликларидан умидвормиз.
Замон билан ҳамнафаслик
Яна бир жиҳатларини айтай. Ёши 60 га ҳам етмаган айрим қаламкашлар ҳали компьютерда ишлашга ўтмаган, телефонида телеграмм йўқ, СМС ёзишни ҳам билмайди. Аммо Муслиҳиддин устоз ‒ ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ниҳоятда фаол. Нима янгилик бўлса, дарҳол ундан хабардор бўладилар, муҳим-муҳимларини телеграмм ёки “facebook” орқали ёру дўстларга жўнатиб ҳам турадилар. Бу жиҳатларига тенгдошлари тугул, у кишидан анча ёшлар ҳам ҳар қанча ҳавас қилса, арзийди.
Мувофиқлик
Яна бир нарсани очиқ айтиш – керакки, адабиётшунослик соҳасида мавзу билан тадқиқотчи руҳияти ўзаро қовушмаса, иш кўнгилдагидек юришмайди. Масалан, олим бир умр адабиётда адолат масаласининг ёритилишини тадқиқ этса-ю, ҳаётда ўз фаолияти ва яшаш тарзини адолатсизликлар асосига қурса, қаёқдан ҳам сўз ва иш бирлиги ҳосил бўлсин?!
Шу маънода Муслиҳиддин устозда нақшбандия аср-асрлар қадрлаб, улуғлаб, тарғибу ташвиқ қилиб келган эзгу ғояларга кучли садоқат – бор. Дунёда яхши одамлар ‒ кўп. Аммо чинакам кўнгил одами бўлиш – жуда қийин. Нақшбандия эса кўнгил кишисини тарбиялашни мақсад қилади.
Очиғи, ҳаётимда Муслиҳиддин акадек инсон кўнглининг нозик-нозик тебранишларини дил-дилидан ҳис этадиган зиёлини жуда кам кўрганман. Бу Ватанимизда нақшбандия шўро даврида ҳам ўзининг ширин маънавий меваларини бераверганидан далолат эмасми?
Аҳли адаб
“Адабиёт” сўзининг ўзагида “адаб” ётади. “Адаб” – аслида, “одоб” сўзининг бир шакли. Аммо ўзбек тилида улар айнан тенг маънога эга эмас. Масалан: “Бир адабингни бериб қўяйми?” – деган жумлани ҳеч ҳам: “Бир одобингни бериб қўяйми?” – деб бўлмайди. Чунки бу ерда “адаб” худдики “жазо”, “таъзир” каби маънони ташиган. Ёки “аҳли адаб” сўз бирикмаси “адабиёт (ижод) аҳли” деган маънони билдиради. Уни “аҳли одоб” деб бўлмайди.
Бу мулоҳазалар ҳеч ҳам адабиётнинг одобдан, яъни ахлоқдан холи эмаслигини инкор эта олмайди. Шундай экан, адабиётшуносдан ҳам, аввало, одоб-ахлоқда намуна бўлиш талаб этилади. Демак, адабиётшунослик мавзуларининг шахс тарбиясига ҳам бевосита, ҳам билвосита алоқаси – бор. Ўз-ўзидан аёнлашяптики, қайси адабиётшуноснинг айнан қайси мавзуни тадқиқ қилиши унинг шахсияти билан ҳам у ё бу даражада боғлиқ бўлади, албатта. Шу маънода Навоий ижодида комил инсон масаласи Муслиҳиддин ака тадқиқотларининг асосий йўналиши ҳисобланади. Тадқиқотчининг ўзи, аввало, ишлаётган мавзусига мос бўлиши – керак. Адабиётда комиллик тарғибини ўрганган олимнинг ўзи комил инсон бўлишга интилиб яшаши – лозим.
Бу олимнинг ҳаётини, унинг сўфиёна кўнглини, феълу атворини яхши билганлар дил-дилдан унинг мавзусига содиқ шахс эканига бот-бот амин бўлади.
Инсон ҳам – Аллоҳ яратган жонзотлардан бири. Шунинг учун унда, аввало, барча ҳайвоний хусусиятлар – мавжуд. Лекин Яратган одам зотини онг ва кўнгил билан сийлади. Агар киши ўзидаги ҳайвоний хусусиятларни ҳадди аълосида жиловлаб, уни батамом ақл қўлида ушлаб олса, кўнглини барча инстинктив майллардан покласа, у фаришта даражасига кўтарила олади. Тасаввуф ақидасига кўра, бундай зотлар Яратганнинг севган бандаларига – дўстларига айланади.
Ҳаёт – ўта мураккаб жараён. Ҳар бир киши ‒ муайян жамият аъзоси сифатида ҳаёт кечирар экан, умри мобайнида ҳар турли инсонлар билан бирга, улар билан тўқнаш келиб яшашга мажбур. Одамга жуда кўп кишининг қилиғи, ўзини тутиши, юриши-туриши, феъл-атвори ёқмаслиги – мумкин. Кўнгилда ўша кишига нисбатан антипатия пайдо бўлади ҳам, албатта. Бироқ ҳеч кимга бу антипатиясини ўша одамга дарҳол билдириб қўйиш ҳуқуқи берилмаган-да. Ҳайвон бундай ҳолатларда ўз муносабатини – реакциясини очиқ-ойдин рўёбга чиқаради. Ўша ўзига ёқмаган объектга ташланади, ҳужум қилади, уни тишлайди, тирнайди, ҳатто, ўлдиради ҳам. Инсоннинг инсонлиги шундаки, у ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини жиловлайди, ақл билан иш тутади, ички инстинктив, яъни ҳайвоний майлларини ақл билан буткул бошқаради.
Афсуски, ҳамма ҳам шундай эмас. Айрим туппа-тузук зиёлилар ҳам –борки, ҳатто, бир кунгина ҳам у билан сафарда юриб бўлмайди. Худди унга ҳамма ҳуқуқ бериб қўйилганидек, атрофидаги ўзига кутилмаганда ёқмай қолган ҳар қандай одамга ташланади, хоҳлаганча уни жеркийди, унга нисбатан нафратини яширмайди, ҳатто, майда нарсаларда ҳам ўзини тутиб туришнинг уддасидан чиқолмайди: қўполлик қилади, маданиятсизликнинг олий намунасини кўрсатаверади. Тасаввуф, бундайлар кўнглини Шайтон бошқаради, деб ҳисоблайди.
Айни мулоҳазалар бу ерда бемақсад, яъни омади гап учун келтирилаётгани – йўқ. Ўшандайларга Муслиҳиддин устоз каби маънавий баркамол зиёлиларимизни намуна қилиб кўрсатишимиз – керак.
Бундай юксак маънавият эгалари учун, ҳатто, одамлар ўртасидаги муносабатларда сўзнинг иштироки ҳам камроқ бўлади. Бундай зотлар билан мулоқотда ҳамма нарсани ўз номи билан айтиб ўтириш ҳам шарт эмас. Салом-аликнинг, иззат-ҳурмат даражасининг, кўз ва овозда намоён бўлаётган меҳр-муҳаббатнинг ўзидан одамлар бир-бирининг кўнглини, мақсаду муддаосини тушуниб кетаверади.
Камина Қутбиддин домла атрофларида униб-ўсган устозларимиз – Ғайбулла ас-Салом, Нажмиддин Комилов, Муслиҳиддин Муҳиддинов каби зотлар билан шу тарзда “гаплашиб” иш тутганман.
Минтақаларимизда истиқомат қилаётган олимларнинг айримлари билан суҳбатлашсанг, гап ўша минтақадаги қайси бойнинг қандай тўй ўтказгани, кимнинг кими қаерда ишлаши, ким кимнинг шогирдига чил бергани ва ҳоказо шунга ўхшаш, айтиш мумкин бўлса, “майда маиший” мавзулар атрофида айланиб қолганига кўп гувоҳ бўламиз.
Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг жисми – Самарқандда-ю, аммо руҳи – Тошкент адабий мактабида. У киши қайси олимнинг яқинда қандай яхши китоб чиқаргани, ким қайси газетада нима мавзуда янги баҳс очгани, қайси ёш тадқиқотчи мумтоз адабиётимизнинг ҳаёти ва ижоди кам ўрганилган қайси қалам соҳибига қўл ургани, Ғафур Ғулом, Воҳид Абдуллаев, Ғулом Каримов, Ботирхон Валихўжаев, Озод Шарафиддинов, Абдуқодир Ҳайитметов, Орифжон Икромов, Ғайбулла ас-Салом, Раҳмонқул Орзибеков, Нажмиддин Комилов, Нуриддин Шукуров, Бегали Қосимов ва бошқаларнинг ўз вақтида қайси даврада қайси илмий-ижодий ғояни кўтаргани ва ҳоказо шунга ўхшаш маънавий-маърифий мавзуларда суҳбат қуради. Ёки бу гурунгларда туркий-форсий мумтоз шоирлар ижодидаги муҳим нуқталар таҳлил этилади, қайсидир буюк соҳиби қалам меросидан бир шоҳбайт келтирилиб, маъно-мазмуни бугунга боғлаб чақиб берилади.
Бундай суҳбатларга тўймайди киши. Кўнгил шундай давраларни соғинаверади.
Ана шу маънавий-маърифий руҳ Муслиҳиддин аканинг оиласига ҳам сингиган. Завжиялари Сайима Абулхайровна Асророва билан тўрт ўғил, икки қиз, ўн олти набира, яна қанча эвараларни тарбиялаган бу хонадондан мамлакатимиз зиёлилари қадами асло узилмайди.
Серқирра фаолият соҳиби ‒ таниқли олим, фанимизнинг йирик ташкилотчиси, тажрибали педагог, жонкуяр маънавият тарғиботчиси Муслиҳиддин устозимизга муборак 80 ёшлари муборак бўлсин!
Аллоҳ таоло умрларига умр қўшсин!
Бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлсинлар!
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори, Тошкент амалий фанлар университети профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими