Маҳалла раислари сайлови май ойида ўтказилади
Кеча - 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масаласи муҳокама этилди.
Муҳокама якунлари бўйича аввалги сайловларда орттирилган тажриба ва қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови жорий йил май ойида ўтказилади. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига доир сайлов бюллетени намунаси тасдиқланди. Шунингдек, Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз: Бу галги фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови жамиятни янада ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш шароитида бўлиб ўтади. 2018 йилнинг октябрида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) уч йил муддатга сайланиши, яширин овоз бериш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссиясининг ваколатлари, фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши лозимлиги каби янги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди.