Маҳалла раислари сайлови якунланди: Самарқанд вилоятида 1126 та маҳаллада раис сайланди

Жорий йилнинг 16-27 май кунлари фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўлиб ўтди. Вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси мазкур сайлов натижалари юзасидан асосий маълумотларни тақдим этди.
Вилоят, шаҳар ва туманлар кўмаклашувчи комиссия аъзолари ҳамда 1126 та маҳаллада тузилган ишчи гуруҳлари томонидан маҳалла раисига қўйиладиган талаблар асосида маҳаллада доимий яшовчи фуқароларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда, ҳудудда камида беш йилдан буён доимий яшаб келаётган, ташкилотчилик қобилиятига, иш ва ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга 2 нафардан 4 нафаргача, жами 4302 нафар фуқароларнинг номзодлари кўрсатилди.
Сайлов жараёнида 234 мингдан зиёд фуқаро овоз беришда иштирок этиб, 2700 нафарга яқин тавсия этилган номзодлардан 1126 нафари маҳалла раислигига муносиб деб топилди.
Сайловларда аҳоли томонидан муносиб деб топилган 1126 нафар маҳалла раисларининг 354 нафари (31 фоизи) маҳалла раиси лавозимида фаолият юритган, 772 нафари (69 фоизи) биринчи марта маҳалла раислигига сайланган номзодлар.
Шунингдек, маҳалла раисларининг ёш бўйича таҳлилига кўра, 9 нафари (1 фоизи) 30 ёшгача, 210 нафари (19 фоизи) 30-40, 316 нафари (31 фоизи) 40-50, 465 нафари (41 фоизи) 50-60 ёшгача, 126 нафари (8 фоизи) эса 60 ёшдан юқори бўлган раислар ташкил этди. Шундан 1087 нафари (96,5 фоизи) олий маълумотга 39 нафари (3,4 фоизи) ўрта-махсус маълумотга эга.
Сайланган маҳалла раисларининг 71 нафари (6,3 фоиз) ҳуқуқшунос, 307 нафари (27,2 фоизи) ўқитувчи, 17 нафари (1,5 фоизи) шифокор, 270 нафари (23,9 фоизи) иқтисодчи ва муҳандис, 89 нафари (7,9 фоизи) агроном, 372 нафари (33 фоизи) бошқа касб эгалари.
Мазкур маҳалла раисларининг 97 нафари (7,4 фоизи) аёллардан иборат. 17 нафари (1,3 фоизи) Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар кенгашлари депутатлари ҳисобланади.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали сайлов жараёнлари билан боғлиқ муҳокамаларга бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўз вақтида расмий муносабат бериб борилгани айтилмоқда.
Бу йил айрим жойлардаги сайловлар жараёни марказий ва ҳудудий телерадиокомпаниялар ва радиолар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.