Маҳаллада ишсизлик, камбағалликни қисқартиришга тўлиқ эришилмади. Ҳоким ёрдамчиси буни эплайдими?
“Шу пайтга қадар қанчадан-қанча “катта”лар маҳаллада ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга уриниб кўрди. Ҳаммаси фақатгина қоғозда “аъло даражада” бўлди. Энди ҳоким ёрдамчиси нима қилиб берарди?!”
Сир эмас, жорий йилнинг январь ойида маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари фаолият бошлаган пайтда шу каби гап-сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинди. Аммо алоҳида ишонч билан, танлов асосида бу вазифага қабул қилинган масъулларнинг аксарияти ишга виждонан киришиб, бундай муносабатларга барҳам бера бошлади. Буни Оқдарё тумани "Темарак" маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Анваржон Давронов фаолияти мисолида кўришимиз мумкин.
Шунча муаммолар бор экан, билмаганман...
Анваржон Давронов 2018 йилда Самарқанд ветеринария медицинаси институтини тамомлаб, туман марказида турли ташкилотларда фаолият олиб борди. Кейинги пайтларда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг сиртқи бўлимида ўқиш билан бирга Оқдарё тумани инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлар эди.
- Ўзим туғилиб ўсган маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлиб иш бошламагунимча қишлоқдошларимни қийнаб келаётган кўпгина муаммолар борлигини билмасдим, - дейди у. – Хатлов натижасида аниқланган масалаларни ҳал этиш қийин эмас, фақат масъуллардан озгина масуълият талаб қилинаркан, холос. Туман ҳокими раҳбарлигида маҳалладаги 7 километрлик лой кўчаларга шағал ётқизиш ишларидан кейин, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга ёрдам кўрсата бошладик. Шу пайтга қадар маҳаллада совун ишлаб чиқаришга мўлжалланган иккита мини-цех ташкил этилди. 10 га яқин иссиқхона қурилди. 7 нафар фуқарога “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури асосида 20 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.
Бир йилда битмаган иш бир ойда ҳал этилди
Муллахўжа қишлоғида яшовчи Малоҳат Тоғаева рўзғор тебратишда турмуш ўртоғига кўмаклашиш мақсадида 6 сотихлик томорқасида деҳқончилик қиларди. Аммо даромад кўнгилдагидек эмасди. Иссиқхона қуриш эса унинг кўп йиллик орзуси эди.
- Ўтган йили иссиқхона қуриш учун кредит оламан деб роса югурдим, - дейди М.Тоғаева. – Масалани ҳал қилолмадим. Мана бу йил ҳоким ёрдамчиси келиб, томорқа имкониятларимни, тадбиркорликка қизиқишимни ўрганиб, ёрдам берди. 20 миллион сўм миқдорида 3 йиллик имтиёзли кредит ажратилиб, иккита 3 сотихли иссиқхона қуриб берилди. Шу пайтгача бу иш билан шуғулланишни бошлаш қанчалар қийин эканлигини билардим. Айрим таъминотчилар қурилиш ишларини йиллаб чўзишарди. Бизда ундай бўлмади. Ҳоким ёрдамчиси таъминотчининг ҳам инсофлисини топиб келди ва бошида ўзи турди. Бир йилда битмаган ишим, бир ойда ҳал этилди. Иссиқхонамизнинг бирига помидор экдик, иккинчисига бодринг экмокчимиз. Бу ишдан умидим катта. Кредитни қайтаришни ҳам 3 йилгача чўзиб ўтирмайман. Бир йилда қутулиб, фаолиятимни кенгайтиришга ҳаракат қиламан.
Қулупнай гулга кирди
Маҳалланинг яна бир фуқароси Саидқул Тошев узоқ йиллар дурадгорлик билан шуғулланди. Баланд-баланд иморатларнинг томларини ёпиш бўйича қўлигул усталардан эди. Кейинги йилларда саломатлигига таъсир кўрсата бошлаган айрим касалликлар туфайли бу ҳунар унга оғирлик қилди. Турмуш ўртоғи билан бирга томорқасида иссиқхона қуриб, деҳқончилик қилишга бел боғлади.
- Дурадгорликдан орттирган пулларимни шинамгина иссиқхона қуриш учун сарфладим, - дейди Саидқул ака. - Аммо маблағ етмай иш чала қолганди. Ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан 20 миллион сўмлик кредит ажратилди. Натижада қурилиши охирига етмай қолган иссиқхонанинг устини ёпиш ишлари якунига етказилди. Ўтган йили экилиб, очиқда қолган лимон кўчатларининг бугунги кунда ривожи яхши. Улар орасига редиска ва қулупнай экдим. Шу пайтгача редискадан 3 миллион сўм даромад қилдим. Ҳали ҳосилнинг ярмидан кўпи турибди. Қулупнайлар ҳам гулга кирди. Очиқ ердагига қараганда иссиқхонада етиштирилаётган қулупнайимиз эрта пишади.
Ҳоким ёрдамчиси А.Давроновнинг таъкидлашича, 2022 йил январь ҳолатига маҳаллада 200 нафардан ортиқ фуқаро ишсиз бўлган. Бугунги кунда уларнинг 20 нафари доимий, 160 нафари мавсумий иш билан банд бўлди. Йил якунига қадар маҳаллада ишсиз фуқаро, камбағал оила қолмайди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).