“Маҳаллада “свет” йўқ, аммо...”
2024 йилда Пайариқ туманида 2 минг киловаттлик қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган. Вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда айтилишича, сентябрь ойига қадар бу режанинг 4,2 фоизи бажарилган. Йиғилишдан сўнг туманда қуёш панеллари ўрнатиш ишлари жадаллашди.
- Дастлаб ташкилот раҳбарлари, маҳалла оқсоқоллари ўз хонадонларига қуёш панеллари ўрнатди, - дейди Пайариқ туманидаги 14-мактаб директори Ғулом Эшатов. – Жувозхона маҳалласида биринчилардан бўлиб, бундан 15 кун аввал менинг хонадонимга ўрнатилди. 25 миллион сўмлик кредит эвазига ўрнатилган мазкур панелларнинг қулайлигини дастлабки кунданоқ сездик. Масалан, айни пайтда, яъни айрим сабабларга кўра маҳалламизда 2 кун аввал электр энергиясида узилиш бўлди. Айнан қуёш панели сабаб менинг хонадонимда “свет” ўчмади. Истасак телевизор томоша қиляпмиз, истасак маиший техникаларни ишлатяпмиз.
- 5 киловаттли қуёш панелини хонадонимга ўрнатяпман, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдулатиф Баҳодиров. – Шу пайтгача ойига 300-400 минг сўм электр энергияси тўлови учун сарфланарди. Энди уйимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж қондирилиб, ортгани давлатга сотилади. Мутахассисларнинг айтишича, ойига камида бир миллион сўмлик электр энергиясини сотишим мумкин экан.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).