Маҳкумлар озодликка чиқмоқда
Вилоят прокуратураси ташаббуси билан 38-сон манзил-колониясида маҳкумларни ижтимоий реабилитация қилиш, мурожаатларини ўрганиш мақсадида тадбир ўтказилди.
Унда қатор мутасадди давлат идоралари мутахассислари иштирок этиб, жазони ижро этаётганларга тегишли давлат хизматларни кўрсатишди ҳамда ҳуқуқий, тиббий ва психологик кўмак берди.
— Манзил-колонияларидаги фуқаролар ўз хатоларидан тегишли хулосани чиқарган, - дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи М.Ҳамроева. – Навбатдаги вазифамиз уларни жамиятга соғлом ва ижтимоий фаол инсон сифатида қайтариш. Биз бир ҳафта давомида маҳкумларнинг мурожаатлари, таклиф ва хоҳишларини ўргандик. Пенсия, бандлик, тиббиёт сингари қатор соҳалар вакиллари, шунингдек, психолог ва ҳуқуқшунослар айни талабдан келиб чиқиб таклиф қилинган.
Айтиш жоизки, муассасада жазо муддатини ўтаётган фуқароларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида чилангарлик, тикувчилик, дурадгорлик ва бошқа ҳунармандчилик устахоналари ташкил этилган. Маҳкумлар уларда касб ва ҳунар сир-асрорларини ўрганиш баробарида меҳнатига яраша ҳақ олади. Тадбирда тегишли ўқув курсларини муваффақиятли томомлаган 15 нафар маҳкумга “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармасининг сертификатлари топширилди.
— Мен қўлда тўқиладиган ўриндиқ ва стулларни ясайман, - дейди Ж.Исаев. – Бир дона ясалган ўриндиқ учун 50 минг сўм, стол учун эса 150 минг сўм ҳақ оламиз. Колониядаги бошқа устахоналарда ҳам ишлаб, кўникма ҳосил қиляпмиз. Озодликка чиққанимизда қўлимизда бир нечта ҳунаримиз бўлади, ҳалол меҳнат қиламиз.
Тадбир доирасида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси М.Рўзиев иштирокида сайёр суд бўлиб ўтди. Унда ўтган вақтда намунали хулқи билан ажралиб турган ва тузалиш йўлига кирган бир қатор маҳкумларга тайинланган ҳукмлар енгилига алмаштирилди. Кимлардир эса жазонинг қолганини уйида, яқинлари бағрида ўтайдиган бўлди.
— Манзил-колониясига ўтказилганимга бир ой бўлди, - дейди С.Нормуродов. – Бу ернинг шароитлари яхши. Ошхона, ётоқхоналаримиз қулай ва шинам. Мени асосий бўш вақтим кутубхонада ўтади. Китоб мутолаа қилишни, шеър ва ҳикоялар ёзишни яхши кўраман. Оила аъзоларим ҳам бу қулайликлардан жуда мамнун.
Муассаса кутубхонасида 2 мингга яқин китоб жамланган. Жараёнда маҳкумлар иштирокида китобхонлик танлови ҳам ўтказилди. Меҳмонлар ҳамда мезбонлар ўртасидаги мушоираси тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.