Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси миллий ўзликни тиклаш ва маънавий юксалишнинг асосларидан саналади
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда қабул қилинган “Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий маънавиятимизни юксалтириш, халқимизнинг бой тарихий меросини янада чуқурроқ ўрганиш ва келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг матбуот соҳасидаги фаолияти, жумладан, “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналига асос солиши, маърифатпарварлиги туфайли халқ онгига маърифат уруғини эккан буюк шахс сифатида тарихда қолди. 1914 йилда “Турон” театрида саҳналаштирилган “Падаркуш” пьесаси орқали ўлкамизда театр санъатининг тамал тошини қўйди. У театрни халқ онгини уйғотиш воситаси сифатида кўрди ва натижада театр санъати Ўзбекистонда миллий маданиятнинг ажралмас қисмига айланди.
Қарор доирасида амалга ошириладиган тадбирлар Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига чуқур ҳурмат рамзи бўлиб, унинг бой меросини янада кенгроқ оммалаштиришга йўналтирилган. Юбилей доирасида, жумладан, Самарқанд давлат университетидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши, Беҳбудий асарларининг янги нашрлари, театр ва кино маҳсулотлари тарғиботи ёш авлоднинг маънавий тарбиясида муҳим ўрин тутади. Бу тадбирлар нафақат тарихий хотирани эъзозлаш, балки келажак учун мустаҳкам маънавий пойдевор яратишга қаратилган. Хусусан, шу йил октябрь ойида Самарқанд давлат университетида ўтказиладиган “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция нафақат академик доирада, балки жамоатчилик учун ҳам катта аҳамиятга эга. Бу тадбир Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларини илмий жиҳатдан ўрганиш, жадидлик ҳаракати ва унинг умуминсоний аҳамиятини ёритишда тадқиқотчилар учун янги йўналишлар очишга хизмат қилади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси сифатида таълим, матбуот ва театр санъати соҳаларидаги улкан ҳиссаси билан халқнинг миллий уйғониш жараёнида алоҳида ўрин тутган. Унинг ғоялари ҳозирги Янги Ўзбекистон стратегияси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, миллий ўзликни тиклаш ва маънавий юксалишнинг асоси бўлиб қолмоқда.
Ушбу тарихий сана нафақат халқимизнинг маърифатпарвар вакили, қалами ўткир публицист, моҳир драматург, муаззам бир зотга бўлган эҳтиром, балки барчамиз учун маънавий уйғониш ва маданий меросни қадрлашда муҳим қадамдир.
Мавлон Бобохонов,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.