Маҳмудхўжа Беҳбудий — ўз даврининг ҳақиқий зиёлиси, миллатнинг чинакам фидойиси
Давлатимиз раҳбарининг 3 январь куни эълон қилинган “Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори аждодларимиз меросини ўрганиш ва улардан халқ маънавиятини юксалтириш мақсадида фойдаланиш борасида бошланган савобли ишларнинг давомидир.
Дарҳақиқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз даврининг ҳақиқий зиёлиси, миллатнинг чинакам фидойиси эди. У ўзига тўқ ва илмли оилада туғилиб ўсди. Шу сабабли ҳам бутун умрини маърифатга бағишлай олди, ўзига қарашли ширкат ва ерлардан олинадиган даромадларни ҳам халқ манфаати йўлида сарфлади. Натижада эл орасида юксак салоҳиятга эга бўлди.
Халқ хонликларнинг ўзаро урушларидан, рус империяси зуғумларидан чарчаганлигини ҳисобга олиб, у энг аввало миллатни, унинг фарзандларини саводли, илмли қилиш кераклигини тушуниб етди. Ана шу ғояси билан атрофига ўзига ўхшаган элсевар зиёлиларни тўплай олди. Тарихимизда жадидчлик номи билан аталган бу ҳаракат ўша даврда минтақамизда чинакам уйғониш даври эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сиёсий қарашлари ўз замонида нафақат мамлакат, балки ташқи дунёда ҳам эътиборга молик бўлган. Хусусан, “Ҳақ берилмас, олинур” шиори миллат фидойиларини чинакам ҳушёрликка чорлади. Ўтган асрнинг бошидаёқ маърифатпарвар бу инсон Туркистон ўлкасининг маърифий концепциясини яратишга ва уни императорга ҳавола қилишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари “Туркистон мухторияти” ҳаракатининг етакчиларидан бўлди. Ўзи таъкидлаганидек, халқ озодлиги йўлида агар лозим бўлса, жонини беришга ҳам тайёр эди.
Бу инсоннинг яна бир буюк хизмати шундан иборатки, у ўз ҳисобидан мактаблар очди, алифбо ва бошқа дарсликлар чиқарди, бу ҳаракати орқали халқ маърифатига сармоя киритди.Энг муҳими, Самарқандда айнан янги қарашдаги зиёлилар ҳамкорлигида миллий матбуот тамал тошини қўйди. Бу таҳририят атрофида Марказий Осиёнинг турли минтақаларидан ижодкорлар келиб фаолият кўрсатдилар. “Ҳуррият”, “Камбағаллар товуши”, “Меҳнаткашлар ўқи” каби кўплаб номларда чоп этилган нашр бугунги кунда “Зарафшон” номи билан фаолият кўрсатмоқда.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда биринчи бўлиб “Падаркуш” драмасини ёзди ва бу асарнинг оммалашуви орқали халққа саҳна асари ибратхона эканлигини тушунтира олди. Таҳририятдаги ва, умуман, атрофидаги барча иқтидорли ижодкорларни қўллаб-қувватлади, уларнинг бошини бириктирди. Бундан ташқари, мусулмон давлатлари зиёлиларини бир-бирини қўллаб-қувватлашга чорлади. Бинобарин, “Қозоқ қардошларимга мактуб” номли эссеси минтақада ўша даврнинг чинакам даъватига айланди. Шунингдек, у халқимизнинг илмга интилмайдиган, тўй ва маъракалардан бўшамайдиган тоифасини кескин танқид қилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу қарор орқали бугунги давр учун Беҳбудий ғоялари, бу алломага ўхшаш фидойи зиёлилар нечоғлик зарур эканлигига ишора қилмоқда. Негаки, миллат маърифатига сармоя киритиш, уни қўллаб-қувватлаш замонамизнинг энг савобли ишларидан биридир. Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди, ҳаёт йўлини пухта ўрганган раҳматли профессор Бегали Қосимов, бугунги кунда жадидлар фаолиятини кенг тадқиқ қилаётган олимлар Ҳалим Сайид, Қаҳрамон Ражабов, Баҳром Ирзаев ва бошқалар ҳам бу жадид бобомиз миллат камоли йўлида нечоғлик улуғ ишларни қилганлигини таъкидламоқда.
Камина Маҳмудхўжа Беҳбудий ташкил этган газетада бош муҳаррир бўлиб ишлаётганимдан фахрланаман ва бу юмушнинг нечоғлик масъулиятли эканлигини ҳис қиламан. Насиб этса, Самарқанд вилоят мусиқали драма театри учун бу улуғ аллома ҳақидаги саҳна асаримни ўқувчилар ҳукмига ҳавола қиламиз.
Фармон ТОШЕВ,
вилоят “Зарафшон” ва
“Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.