Беҳбудий ҳикматлари миллатга хизмат қилади

«Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қуйида маърифатпарвар бобомизнинг ҳануз эскирмаган, миллат ривожига хизмат қиладиган, ҳикмат даражасига чиққан ибораларидан ҳукмингизга ҳавола қиламиз.

***

Бошқа миллатларга қаралса, кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур.

***

Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимизда, динимизда обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур.

***

Замона ҳар куни янгилашур. Янги илм ва янги фикрлар ва фунуни замонияни дарбар (ўзида сақлаган, ташувчи) қилган одамларни талаб қилур.

***

Бовурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, берилмас… Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлига саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар….

***

Азиз ҳамшаҳарларимға, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаги нафратларни ташлаб, Худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъланмоқ ҳаракатида бўлмоқ керак ва алъон (ҳозирги ҳолатда) бизнинг ҳаракатсизлигимиз ҳурриятни кеткуруб, яна бошқаларга бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз. Бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрниға лаънат ўқурлар.

***

Сиёсий, илмий, маиший ва аскарий йўлларда замон биздан кўп ишлар талаб этадур… Аммо бизда ишлайтурғон одам оз ва бори ҳам ишламайдур ва ёинки эгри кетадур. Бу фурсатлар ўтганларидек ўтиб кетар. Сўнгра пушаймонликдин бошқа қўлда бир нарса қолмас….

***

Давлат думаси нари турсин, судга ва расмий маҳкамаларга кириб, бизни мудофаа қиладурған кишимиз йўқ. Бошимиз оғриса дўқтирга борамиз, аммо дардимизни айтмоқға тил йўқ. Ўзимиздин дўқтир йўқ. Иморат қилмоқчи бўлсак, плон-лойиҳаси лозимки, инжинерга муҳтож бўлармиз. Аммо биз ҳануз “муҳандис” исмини билмаймиз.