Ҳаёт тупроғига қоришган олтин

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётида саёҳат мавзуси алоҳида ўрин тутади.

Улар орасида ҳаж сафарининг катта миқдордаги ахборотни ўз ичига олгани, қолаверса, публицистнинг дунёни англаши, таҳлили, қиёси, муносабати каби жиҳатлари билан аҳамиятлидир. Негаки, 1899 йилда амалга ошган биринчи сафар унинг дунёқарашини буткул ўзгартириб юборади. Аллома бу саёҳати ҳақида махсус мақола ёзмаган бўлса-да, 1914 йилдаги сафар таассуротларини ёзишида асос бўлган. Ҳолбуки, у пайтда Беҳбудий журналистик фаолиятга киришмаган давр эди. Лекин диний нуқтаи назардан қараганда, «Амалиёти ислом» (1908), «Тарихи ислом» (1909) дарсликларини яратишда биринчи ҳаж зиёратининг ўрни беқиёс ҳисобланади.

Беҳбудий сафарномасини ўқиган соддароқ инсон унинг “дунё кезиб, баъзан роҳатланиб, баъзан азобланиб келган”ини англаса, чуқур таҳлил соҳиби бўлган зиёли одам батамом ўзгача хулосалар чиқаради. Масалан, таниқли жадидшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг “Беҳбудий шахсияти халқимизнинг виждони, ори” мақоласида “...унинг 1914 йилда ёзган ва бобма-боб “Ойина” журналида босилиб чиққан “Саёҳат хотиралари” асари жуда катта ва ўлмас қимматга эгадир. Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсиятининг айрим нозик қирралари ҳақида сўйламоқчи бўлиб турамиз. Уларни унинг асарлари ва, айниқса, “Саёҳат хотиралари”дан худди ҳар ерга сочиб кетилган олтин зарралари каби ахтариб топамиз. Кўп замонлар уларга унчалар эътибор бермай ўтиб ҳам кетамиз. Чунки олтин зарралари ҳаёт тупроғи билан аралашиб ётади. Илғаб олгангина, олади”.

Иброҳим Ғафуров таъкидлаган олтин зарраларини қандай илғаб оламиз? Улар нималарда акс этган? Публицистнинг дунёқарашини, воқеа-ҳодисаларга муносабатини қайси мезон билан аниқлаймиз, бунинг учун унинг яшаган замонини қандай мезон асосида ўлчаймиз? Бу каби саволлар нақадар мураккаб бўлмасин, уларга “Саёҳатнома”даги фактлар, қиёслар, тасвирлар, фикрлар ва бошқа деталлар талқинида жавоб беришга ҳаракат қиламиз. 

Бунинг учун дастлаб “Саёҳат хотиралари” асари жанрига аниқлик киритиш зарур. Негаки, олимлар тадқиқотларида улар фарқланади. Масалан, филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимовда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Саёҳат хотиралари” жанри ҳақида шундай фикр бор:

“Саёҳат хотиралари ҳар жиҳатдан ғоят муҳим бўлиб, ...ҳам маърифий, ҳам адабий-эстетик жиҳатдан ниҳоятда муҳим. У адабиётимиздаги анъанавий тарихий-мемуар жанрининг XX аср бошидаги ўзига хос намунасидир”.

Марҳум устознинг бу кўчирмасидан “адабиётимиздаги анъанавий тарихий-мемуар жанр” деган жойини олиб таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Албатта, Бегали Қосимов адабиётшунос бўлганликлари учун “Саёҳат хотиралари”га шу нуқтаи назардан қараганлари бор гап. Аслида манбаларга мурожаат қилсак ҳам шундай хулосага келамиз. Масалан, “ТАРИХИЙ ЖАНР, тарихий мавзудаги асарлар — адабиёт ва санъатдаги асосий жанр ёки мавзулардан бири; тарихий ўтмиш мавзуида ёзилган асарлар туркуми” дейилади. Эътибор қилинса, бунда адабиёт ва санъатдаги жанр ҳақида фикр юритилаётгани маълум бўлади.

Бироқ журналистика адабиётдан ажралиб чиқди. Иккинчидан, ундаги жанрлар ҳам ўзига хос қоидаларга амал қила бошлади. Учинчидан, Беҳбудий саёҳатномасида воқеа-ҳодисалар жараёнда кечмоқда.

Журналистикамиз тарихининг билимдони, филология фанлари номзоди, профессор Бойбўта Дўстқораевда бу асар жанри ҳақида шу фикрга монанд тўхтам бор: “Беҳбудий ҳазратлари “Саёҳат хотиралари” сарлавҳали йўл очеркида мусулмон давлатларидаги беқиёс санъат дурдоналари даражасига етган иморатларни кўрганида ўзини чулғаган ҳайрат ва ифтихор туйғуларини ошкора билдиради, бундай ноёб обидаларни диндошлари – мусулмонлар яратганидан фахрланади” (Дўстқораев Б. Ўзбекистон журналистикаси тарихи: дарслик. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009. – 380 б.). Демак, “Саёҳат хотиралари” журналистикадаги йўл очерки жанри сифатида талқин қилинмоқда.

Филология фанлари номзоди, доцент Акбар Нурматов эса ўз тадқиқотида “Саёҳат хотиралари”га соф журналистик асар сифатида қарайди: “Сафарнома (йўл очерк)лар – публицистик жанрларнинг энг “қадимий” кўринишларидан бири ҳисобланади. Номининг ўзиёқ унинг хусусиятини кўрсатиб турибди. У муаллиф томонидан босиб ўтилган йўл, сафар ҳақидаги тасвирлардан ташкил топади”.

Шундай бўлса-да, интернет манбасидаги “Тарихий адабиёт, хотиралар (фр. mémoires) — муаллиф иштирок этган ёки унга таниш бўлган одамлар, гувоҳлардан маълум бўлган воқеа-ҳодисаларни ҳикоя қилувчи ёзишмалардир”, деган фикрни ҳам инобатга олиб, ҳар бир тадқиқотчининг асар ҳақида ўз талқини бўлиши мумкин, деймиз. Бироқ биз уни Б.Дўстқораев ва А.Нурматов каби публицистик жанр сифатида қуйида таҳлил қиламиз.

Асарнинг номланишида “хотира” деган сўз учраса-да, унинг йўл очерки эканига биринчи далил шундаки, муаллиф уни саёҳатдан қайтгач, хотирлаган эмас, балки йўлда ёзган. Бу ҳақда очеркда алоҳида таъкид бор: “Тўрт кеча, тўрт кундузни Ёфада ўткармоқ кўп гарон эди. Маа фийҳи ҳамшаҳрийларни навозишлари соясинда хафа бўлмадук ва бекорликда саёҳатнома мактубларидан бир нечасини ёзиб, “Ойина”ға юбордук” (“Ойина” журнали, 1914 йил 5-сон).

Иқтибосдан Беҳбудий саёҳат фурсатидаги бўш вақтдан фойдаланиб, йўл кечинмаларини ёзиб, Самарқандга, “Ойина” журнали таҳририятига жўнатганлиги маълум бўляпти. Шунингдек, дунё журналистлари қўллаган публицистик жанр номланишига ҳам шаъма бор. Хусусан, Беҳбудий ёзиб жўнатганларини саёҳатнома деб атамоқда. Бугун инглиззабон нашрларда “travel journalism” (“саёҳат журналистикаси”) кенг қўлланилмоқда. Албатта, бу атаманинг изоҳида айни пайтдаги ривожланган технологияларнинг ўрни назарда тутилган бўлса-да, моҳиятан журналистнинг саёҳати тафсилотлари ҳисобланади.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)