Мактаб директори хонасида ўқитувчини пичоқлади
Ижтимоий тармоқларда 2020 йил 7 июнь куни “Андижонда даҳшатли қотиллик директор ўқитувчини пичоқлади” сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди.
Ушбу видеолавҳада акс этган ҳолатлар Андижон вилояти ИИБ томонидан атрофлича ўрганилди.
Аниқланишича, 2020 йил 25 май куни соат 09:00 ларда Пахтаобод тумани Чорсу МФЙда яшовчи фуқаро Н.З. ўзи билан бирга ишлаб келаётган Пахтаобод тумани Чорбоғ МФЙ ҳудудида жойлашган 25-мусиқа ва санъат мактабида директор лавозимида ишловчи Д.И.нинг хизмат хонасига укаси Ж.О. ва М.У.лар билан бирга ойлик маоши ҳақида маълумот олиш мақсадида келиб ўзаро жанжаллашиб кетишади. Шу вақтда Д.И. хонасида бўлган хўжалик пичоғи билан Н.З.нинг юзи ва танасига уриб, унга иш бўйича ўтказилган суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, “чап юзида, кўкрак қафаси чап ёнида ва ўнг қўли кафти ичида кесилган жароҳатлар” каби соғлиқнинг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказганлиги аниқланган.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида бир дона хўжалик пичоғи далилий ашё тариқасида олинган. Мазкур ҳолат Пахтаобод тумани ИИБ навбатчилик қисмининг 1-шакл китобидан 2020 йил 25 майда рўйхатдан ўтган. Тўпланган терговга қадар текширув ҳужжатлари ҳамда суд тиббий экспертиза хулосасига асосан 2020 йил 4 июнда Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.
Юқорида кўрсатилган ҳолатда гумон қилинувчининг ҳаракатларида қотилликка суиқасд қилиш аломатлари бор-йўқлигига тергов ҳаракатлари давомида баҳо берилади.