Мактаб таълимини тубдан яхшилаш асосий мақсадимиз
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга вахалқимизга қилган Мурожаатномасида илгари сурилган мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бу борада Мурожаатномада мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилиши, келгуси йили 70 та янги мактаб қуриш, қўшимча бинолар бунёд этиш, шу билан мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида ишларни амалга оширишни таъкидлаб ўтдилар.
Таълим сифатини баҳолаш тизимини яратиш, педагог ва раҳбарларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини яратиш, таълим дастурлари ва дарсликларни такомиллаштириш каби ислоҳотлар ушбу йўналишда катта силжишлар ва ютуқларга олиб келиши табиий. Лойиҳада Олий таълим муассасалари билан умумий ўрта таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш орқали педагог кадрлар тажрибаси, салоҳиятини ошириш, умумий ўрта таълим муассасаларида босқичма-босқич ёшларнинг ахборот коммуникация технологиялари соҳаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган «IT-Nation» лойиҳасини амалга ошириш, ўқувчиларда фундаментал билимларни амалий тажрибалар асосида мустаҳкамлашга, уларни илмий ижодкорлик ва мустақил тадқиқотларга йўналтиришга қаратилган STEAM лаборатория марказларини ташкил этиш, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг халқаро баҳолаш тадқиқотларига (PISA, PIRLS, TIMSS) тайёрлаш ишларини янада кучайтириш вазифалари белгиланган. Ушбу вазифа ва топшириқлар ижроларини амалга оширишда нафақат юқори ташкилот вакиллари, балки раҳбар ва педагог ходимларнинг, ота-она ва маҳаллаларнинг ўрни беқиёс.
2023 йил биз, таълим ходимлари зиммасида улкан масъулиятли вазифалар йили бўлади. Президентимизнинг ушбу мурожаатидан биз педагоглар руҳландик, куч олдик.
Келажагимиз бўлган ёшлар тарбиясига, таълим олишига ва уларнинг маънавий етук инсон бўлиб шаклланишида бор кучимиз ва билимимизни аямаймиз.
Озода Даминова,
Самарқанд шаҳар 19-умумий ўрта таълим мактаби директори.