Мактабимиз янги ўқув йилига тайёр

Очиғи, ҳар йили ўқув йили тугагач, мактаб таъмири учун ўқувчи ва ўқитувчилардан пул йиғилиши билан боғлиқ гап-сўзлар кўпаяди. Айрим таълим муассасалари синфхона, коридорларни таъмирлаш учун шундай қилишга мажбур бўлаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Аммо бу каби ҳолат бизнинг 12-умумий ўрта таълим мактабимиз учун ёт тушунча. Нега, дейсизми?

Мактабимизда қўшимча имкониятлардан самарали фойдаланиб, даромад олинади ва аниқ ҳисоб-китоблар билан муассасамиздаги таъмирлаш ишлари каби харажатларга сарфланади.

- Мактабда таъмир ишлари ўн кун ичида якунланди, - дейди мактаб директори Т.Бобоёрова. - Бюджетдан ташқари йиғилган даромад ҳисобидан таъмирлаш ишларини олиб бордик. Масалан. мактабимиз ҳудудига экилган бедапоядан 1 миллион 400 минг сўм, гул кўчатларидан 3 миллион 100 минг сўм, иссиқхонада етиштирилган лимон ҳосилидан 1 миллион 350 минг сўм даромад олиниб, жами 5 миллион 850 минг сўм миқдорда пул маблағлари сарфланди. Туман халқ таълими бўлими томонидан 160 килограмм бўёқ ажратилди.

Бугунги кунда таълим муассасасида 444 нафар ўқувчи таҳсил олади. 2017 йилда 300 ўринли янги мактабга қўшимча яна 140 ўринли мактаб биноси қурилган эди. Айни кунларда синфхоналар янги ўқув йилига тайёр ҳолга келтирилиб, зарур кўргазмали қуроллар билан жиҳозланди. Мактабнинг ҳовлиси ободонлаштирилиб, гуллар экилди ва яшил майдончалар ташкил этилди.
Мактабимиз 2021-2022 ўқув йилига тайёр!


Мактаб директори ўринбосари Иномжон Каримов,
Оқдарё тумани.