Мактаблар рейтинги: Пахтачи, Жомбой, Тойлоқ юқори, Қўшработ, Ургут, Каттақўрғон туманлари паст ўринларни банд этди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан умумтаълим муассасаларининг миллий рейтинги эълон қилинди.

Миллий рейтингда вилоятимиздан Пахтачи, Жомбой, Тойлоқ туманлари юқори натижани кўрсатган бўлса, Қўшработ, Ургут, Каттақўрғон туманлари паст натижа қайд этди.

Қайд этилишича, вилоятдаги 581 мактаб олий тоифали ўқитувчиларга эга, 662 та мактаб эса йўқ. Шунингдек, 141 та мактабда биринчи тоифали ўқитувчи ҳам йўқ.

Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи юқори ҳудудлар сифатида – Пахтачи тумани (13,20 фоиз), Самарқанд (12,03 фоиз) ва Каттақўрғон (10,65 фоиз) шаҳарлари кўрсатилган.

ОТМларга киришда паст кўрсаткичли ҳудудлар – Каттақўрғон (5,5 фоиз), Самарқанд (5 фоиз), Ургут (2,4 фоиз) туманлари деб топилган.

Маҳаллий бюджетдан мактаб таълимини ривожлантириш учун қилинган харажатлар бўйича Жомбой, Каттақўрғон, Оқдарё, Қўшработ, Булунғур туманларида яхши натижа қайд этилган.

Аммо республикадаги ўртача харажат 30,23 минг сўм бўлгани ҳолда, вилоятда ўртача харажат 9,26 минг сўмга тўғри келган.