Мактаблар таъмири, қурилиши ва ажритилган маблағ: 2016 йилгача қандай эди? Энди-чи?

2006-2016 йилларда Самарқанд вилоятида 295 та мактабда реконструкция, 64 та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, 2017-2025 йилларда 17 та янги мактаб қурилган.
Бу даврда 413 та мактаб реконструкция қилиниб, қўшимча ўқув бинолари қурилган ва 172 та умумтаълим мактабининг мавжуд биноси мукаммал таъмирланган.
2016 йилда вилоятда 386 та 2 ва ундан ортиқ коэффициентли мактаб бор эди ва юқорида қайд қилинган қурилишлар натижасида жорий йилда бу рақам 40 тага тушди.
Дарвоқе, 2016 йилгача умумтаълим мактабларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун ўртача 35-40 миллиард сўм маблағ ажратилган. 2025 йилда бу кўрсаткич 405,9 миллиард сўмни ташкил қилиб, олдинги йилларга нисбатан ўртача 10 баробар кўп маблағ ажратилганлигини кўришимиз мумкин.
Шунингдек, тадбиркорлар томонидан 57 миллиард сўм эвазига 13 та 3120 ўринли янги мактаб, спорт зал, ошхона қуриб берилганини алоҳида қайд этиш лозим.
Бундан ташқари, тизимда олиб борилган ислоҳотлар натижасида вилоятдаги таълим муассасаларидаги компьютер синфхоналари сони 2017 йилда 521 та бўлса, 2025 йилда мактаблар 1485 та замонавий компьютер синфлари билан таъминланди.
Шунингдек, бугунги кунда 1131 та умумий ўрта таълим мактаблари 2131 электрон доскалар билан таъминланган. Таққослаш учун 2017 йилда 176 та мактабда бир донадан электрон доска бўлганини айтиб ўтиш мумкин.
Олдинги ўқув йилида вилоятдаги 67 та мактаб янги баҳолаш тизимига ўтказилди. 2024-2025 ўқув йилида қўшимча яна 50 та мактабда янги бахолаш тизими жорий этилиб, уларнинг сони 117 тага етказилди.