Мактабларга “Авлод” робототехника тўпламлари берилди

Тойлоқ туманидаги 47-умумий ўрта таълим мактабига Мудофаа вазирлиги томонидан “Авлод” номли миллий маҳсулот – робототехника тўпламлари беғараз топширилди.
Ушбу робототехника маҳсулотлари ёрдамида ўқувчилар 200 дан ортиқ маҳсулотлар ясаши мумкин. Робототехника тўплами Турин политехника университети томонидан миллий маҳсулот сифатида яратилган.
Ушбу ташаббус Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилган бўлиб, Мудофаа саноати агентлиги томонидан Тойлоқ туманидаги 41-, 46-, 48-, 49-, 50-, 55-умумий ўрта таълим мактабларига ҳам худди шундай робототехника тўпламлари топширилди.
- Бугунги кунда дунёда техника тараққиёти шиддат билан ривожланмоқда, - деди Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ходими, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шуҳрат Зоҳидов. – Сунъий интеллект, ахборот технологиялари, робототехника каби соҳалар давлатларнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан ёшларни робототехникага ўргатиш мақсадида Мудофаа саноати агентлигига бириктирилган Тойлоқ туманидаги еттита мактабга робототехника тўпламлари беғараз топширилди. Мақсадимиз - ушбу мактабларда робототехника тўгараклари очиш, ўқувчиларни дастурлаш, инженеринг, IT соҳаларига бўлган қизиқишини ошириш.
Шунингдек, робототехникани ўқувчиларга тўлиқ ўргатиш мақсадида ушбу мактабларнинг технология фани ўқитувчилари онлайн ўқитилади.
Техника, технологиялар ривожланган замонамизда чекка ҳудуддаги мактаб ўқувчиларига роботехникани ўргатиш, уларни замонавий билимларга қизиқтириш эртага иқтидорли ёшларнинг ватан тараққиётига муносиб мутахассис бўлишига замин яратади.
Хуршида Эрназарова.