Малайзияликлар Самарқанд ҳақида фильм ишламоқчи
- 17.02.2020 17:59
- 110
- Афиша
Яқинда Самарқандга келган Малайзия миллий телерадиокомпанияси директори Ақула Эмас халқимизнинг миллий урф-одатлари, маданияти ҳамда сайёҳлик салоҳиятини ўрганганди.
Жаноб Ақула раҳбарлик қилаётган “Radio Televisyen Malaysia – RTM” давлат телерадиокомпанияси «Ўзбеккино» миллий агентлиги билан ҳамкорликда Марказий Осиё давлатларининг сайёҳлик дастурларига мувофиқ «GLOB» номли лойиҳа тайёрлашни режалаштирган. Мазкур фильм ҳар бири 30 дақиқадан бўлган 13 сериядан иборат бўлади. Фильмнинг битта серияси малайзиялик телетомошабинларни Самарқанд сайёҳлик салоҳиятига, жумладан, ўзбек халқининг қадим тарихи, маданияти ва урф-одатлари билан яқиндан таништиради.
Жорий йилнинг июнь ойида суратга олиниши кутилаётган фильм Малайзиянинг миллий каналларида тўғридан-тўғри узатилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур RТМ - йирик давлат телерадиокомпанияси бўлиб, ўз таркибига 36 та радио ва 3 та телевизион каналларни бирлаштирган.