Мамлакат тараққиёти, жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати

Бизнинг асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар ташлаш, унинг тарихий аҳамиятини тилга олиш, конституциявий давлат барпо этиш асослари, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, маънавий ва иқтисодий юксалиш борасидаги ғоят муҳим ўрни хусусида фикр юритиш айни муддаодир.

Бу ҳақида сўз борганда, авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилганлигини таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида Ўзбекистоннинг қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрлик орзуси мужассамлашган.

Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда Конституциямизда Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажриба ҳисобга олинган.

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, Конституцияни яратилиш тарихи – бу мустақиллик учун курашнинг узвий таркибий қисмидир.

Юртимиз ҳаётидаги бу ғоят муҳим ва ҳаяжонли воқеалар

1990 йилнинг март ойида бўлиб ўтганини эслаш жоиз. Ўшанда, яъни Мустақиллигимиз эълон қилинишидан бир мунча вақт олдин, ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг биринчи сессиясида собиқ иттифоқ таркибидаги республикамизда Президентлик лавозими жорий этилди, давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилиниб, бу борада махсус комиссия тузилди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш ғояси илк бор ана шу сессияда илгари сурилди.

Ўшанда бундай мазмундаги ҳужжат собиқ иттифоқ ҳудудида биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган эди.

Конституцияни яратиш йўлидаги ҳуқуқий қадам – Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишига бориб тақалади.

Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва  Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан

2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.

Конституцияни яратиш йўлидаги навбатдаги ҳуқуқий қадам – биринчи Конституция лойиҳасининг илк бор матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун  эълон қилинишидир.

Конституциявий комиссия бажарилган ишни маъқуллади ва 1992 йил 8 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилишга қарор қилди. Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди.

Конституциявий комиссияга фикр-мулоҳазалар билдирилган 600 тага яқин хат келиб тушди. Республика матбуотининг ўзида Конституция лойиҳасига бағишланган юздан ортиқ материаллар эълон қилинди. Фуқароларимиз билдирган таклифлар сони 5 мингдан ошиб кетди.

Конституцияни яратиш йўлидаги кейинги ҳуқуқий қадам – Конституция лойиҳасининг иккинчи марта матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир.

Конституция лойиҳаси ўтказилган муҳокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида анча тузатилди ва қайта ишланди. Сўнгра,

1992 йил 21 ноябрда умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта газеталарда чоп этилди.

Шундай қилиб, икки босқичли умумхалқ муҳокамаси юз берди. Ушбу ҳолат, бир томондан, муҳокама иштирокчиларини фаоллаштириш учун қудратли рағбат вазифасини бажарган бўлса, иккинчи томондан, Асосий Қонунимизнинг халқчиллигини таъминлади. Конституция лойиҳаси кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтди.

Конституцияни яратиш йўлидаги сўнги ҳуқуқий қадам – Конституция лойиҳасининг қабул қилинишидир.

Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди.

Бунда жаҳон конституциявий тажрибасинининг бир қатор илғор жиҳатлари ҳисобга олинди. Конституция лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтди.

Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун, деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир. Асосий Қонунимизга нисбатан бундай юксак ва холис баҳо берилишини қуйидаги сабаблар билан изоҳлаш мумкин:

Биринчидан,  бизнинг Конституция ҳақиқатан ҳам демократик Конституциядир. Тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни, халқаро андозаларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир.

Иккинчидан, бизнинг Конституция энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган. Бунда энг илғор хорижий конституциявий тажрибаларни ўргандик ва эътиборга олдик. Натижада эндиликда Бош Қомусимиз дунё миқёсида ҳам ҳар қандай тараққий топган давлат Конституцияси билан бемалол куч синашмоқда.

Учинчидан, Конституциянинг ғоя ва нормалари ўзбек халқининг теран тарихий илдизларига асосланган бўлиб, у кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятларни, улуғ аждодларимиз меросини ўз ичига олган.

Хулоса қилиб айтганда, Конституцияни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёни “Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган асосий ҳужжат бўлганлиги,  у халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттириши, унинг халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули эканини яққол тасдиқлайди.

Ўткур УСМОНОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.