Маънавий меросда ворислик ва унинг XXI аср таълим-тарбиясидаги ўрни

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида шу мавзуда республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.

Конференциянинг мақсади глобаллашув шароитида маънавий мерос ва XXI аср таълим-тарбия жараёнини ривожлантириш муаммоларини аниқлаш ва бу муаммолар ечимини кўрсатиб беришдир.

Анжуманда мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларидан 100 дан ортиқ файласуфлар, тарихчилар, миллий-маънавий қадриятлар соҳасида тадқиқот олиб бораётган олимлар, докторантлар, магистрантлар ва мустақил тадқиқотчилар иштирок этмоқда.


Илмий-амалий анжумандаги маърузаларда глобаллашув жараёнлари шароитида таълим-тарбияни модернизация қилиш, миллий ўзликни асраб қолган ҳолда уни замонавий илм-фан ва технологиялар билан уйғунлаштириш, Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий ва маънавий-маърифий меросини татбиқ қилишда инновацион ёндошувлар ва моделлар таҳлили, жадидларнинг маънавий-маърифий фаолиятидаги янги қарашларнинг бугунги таълим тизимидаги ўрни ва аҳамияти, Учинчи Ренессанс пойдеворида маънавий-маърифий ворислик аттракторлари, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва унинг фалсафий-методологик муаммолари кенг ёритиб берилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек: “Биз яратаётган Янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз”.


Бугунги кунда маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгулик ва умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда халқимизнинг маънавий-маърифий идеалларига зид бўлган зарарли таъсирларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш – бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.


Анжуманда қатнашаётган олимлар ўз маърузалари орқали юқоридаги мавзуларга доир илмий хулоса ва тавсияларини тақдим этмоқдалар.

Акром Азизқулов,

СамИСИ ижтимоий фанлар кафедраси мудири, фалсафа фанлари номзоди, доцент.